Sho'rchi tumani hokimligi rasmiy sayti

Давлат хизматчилари компетенциясини ривожлантиришнинг замонавий модели шаклланмоқда: янги тизим нималарни ваъда қилади?

Хабарингиз бор, айни кунларда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили”да амалга ошириш бўйича давлат дастури ва уни тасдиқлаш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони лойиҳалари ишлаб чиқилиб, кенг жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган. Ушбу фармон лойиҳасининг 81-мақсадида республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимияти органлари, давлат улуши мавжуд тижорат банклари ва хўжалик бирлашмаларининг раҳбарлик лавозимлари учун компетенция моделини ҳамда профессионал компетенцияларини баҳолаш тизимини жорий этиш кўзда тутилган.

Замонавий ижтимоий-иқтисодий ва технологик ўзгаришлар давлат хизматчилари тайёргарлиги ва ривожланишида янги ёндашувларни жорий этишни талаб этмоқда. Рақамли технологияларнинг жорий этилиши ва давлат бошқаруви соҳасидаги янги чақириқлар шароитида бошқарув компетенциясини шакллантириш давлат органлари фаолияти самарадорлигини оширишнинг муҳим омилига айланмоқда. Хусусан, катта маълумотлар (big data) ва автоматлаштирилган таҳлил тизимлари каби инновацион технологияларни жорий этиш кадрлар ресурсларини оптималлаштириш учун янги имкониятларни яратмоқда.

Замонавий чақириқлар – рақамли трансформация, глобаллашув, рақобат кучайиши ва жамиятнинг ортиб бораётган талаблари – давлат хизматчиларидан юқори малака, эътибор ва тез ўзгарувчан шароитларга мослашиш қобилиятини талаб этмоқда. Кўплаб мамлакатларда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида давлат аппарати кадрларини ривожлантириш эътироф этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси замонавий ва самарали давлат бошқарув тизимини яратишга интилиб, халқаро тажрибани фаол жорий этмоқда ва давлат хизматчиларининг компетенциясини ривожлантиришнинг ўзига хос моделларини ишлаб чиқмоқда.

Бу жараёнда марказий ўрин кадрлар тайёргарлигини ошириш сифати, компетенцияга асосланган ёндашувни жорий этиш ҳамда янги бошқарув ва касбий кўникмаларни ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларга тегишлидир.

2022 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вазирликлар, идоралар ва ҳудудий бошқарув органлари билан ҳамкорликда, халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда давлат фуқаролик хизматчисининг компетенция моделини ишлаб чиқа бошлади.

Бунинг учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 40 дан ортиқ маърузалари ва кўрсатмалари матнлари, Ўзбекистон Республикасининг стратегик ривожланишига оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар таҳлил қилинди, шунингдек, компетенцияларни ишлаб чиқиш соҳасида тажрибага эга бўлган 14 хорижий мамлакат ва 5 халқаро ташкилотнинг тажрибаси ўрганилди.

Мазкур компетенция моделини ишлаб чиқишда анкеталаштириш методикаси қўлланилди. Юқори ва ўрта бўғин раҳбарлари, вазир ўринбосарлари, департаментлар, бошқармалар ва бўлимлар раҳбарлари орасида 350 дан ортиқ раҳбарлардан анкеталар олинди. Шунингдек, вилоятлар ҳокимлари ўринбосарлари ва 50 дан ортиқ туман(шаҳар) ҳокимлари билан интервью ўтказилди.

Таҳлил натижалари асосида давлат фуқаролик хизматчиларининг самарали фаолиятини таъминлаш учун зарур бўлган 10 та муҳим компетенциядан иборат модел ишлаб чиқилди. Улар қуйидагилардан иборат:

Лидерлик - жамоани руҳлантириш, йўналтириш ва қўллаб-қувватлаш қобилияти, умумий мақсадларга эришиш учун ҳамкорлик қилиш;

Натижага йўналтирилганлик - мақсадга эришиш йўлида аниқ натижани тушуниш, унга интилган ҳолда муваффақиятга эришиш учун қийинчиликларни енгиб ўтиш қобилияти;

Стратегик фикрлаш - вазиятни баҳолаш, нозик жиҳатларни сезиш, маълумотларни таҳлил қилиш, стандарт бўлмаган ечимларни топиш ва хулоса чиқариш қобилияти;

Мақсадларни белгилаш - аниқ мақсадларни белгилаш ва тушуниш, уларга эришиш учун аниқ режаларни ишлаб чиқиш қобилияти;

Муаммоларни ҳал қилиш - қийинчиликларга самарали ечим топиш, ноаниқ шароитларда ҳам мақсадларга эришиш қобилияти;

Ўзгаришларни бошқариш - янги шароитлар, технологиялар, жараёнлар ёки тузилмаларга мослашиш қобилияти;

Қарорлар қабул қилиш - мақсадлар, чекловлар, хавф-хатарлар ва зиддиятли нуқтаи назарларни ҳисобга олган ҳолда ўз вақтида тўғри қарор қабул қилиш қобилияти;

Ўз-ўзини ривожлантириш - билим, кўникма, шахсий фазилатлар ва дунёқарашни фаол ва мақсадли равишда ривожлантириш қобилияти;

Ташаббускорлик - масъулиятни ўз зиммасига олиш, ғояларни таклиф қилиш ва мақсадларга эришиш учун амалий қадамларни ташлаш қобилияти;

Қатъиятлик - ишонч билан ва қатъият билан ҳаракат қилиш, эҳтимолий муаммолар ва хавфларни олдиндан кўра билиш қобилияти.

***

2024 йил 4 октябрдаги 629-сонли Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Раҳбар кадрларни баҳолаш маркази ташкил этилди. Унинг асосий мақсади – замонавий технологиялар асосида раҳбар кадрларнинг фаолияти, билими ва кўникмаларини баҳолаш, натижаларни таҳлил қилиш ва бошқариш имкониятларини яратишдир этиб белгиланди.

Бу марказ қуйидаги тадбирларни амалга оширишни режалаштирмоқда:

- давлат фуқаролик хизматчилари учун фаолият йўналишлари ва лавозимлар иерархиясига қараб, компетенция моделларини ишлаб чиқиш, ушбу моделлар доирасида самарадорликнинг асосий кўрсаткичларини белгилаш;

- ишлаб чиқилган компетенция модели асосида давлат фуқаролик хизматчиларини баҳолаш учун комплекс шахсий-касбий диагностика ўтказиш;

- компетенцияларни баҳолаш натижалари асосида давлат фуқаролик хизматчилари шахсий-касбий ривожланишининг индивидуал траекторияларини ишлаб чиқиш;

- компетенцияларни баҳолашнинг янги усулларини яратиш ва жорий этиш, баҳолашга доимий равишда замонавий ёндашувларни янгилаш ва амалиётга жорий этиш;

- давлат хизматига номзодларни баҳолаш, касбий билимлар, қадриятлар ва интеллектуал салоҳиятни тест синовлари орқали баҳолаш, шунингдек, раҳбарлик лавозимларига номзодлар учун психологик сўровлар ташкил этиш

- кадрларга бўлган эҳтиёжларни мониторинг қилиш ва прогнозлаш, кадрларга эҳтиёжни олдиндан аниқлаш ҳамда ходимларни танлаш ва тайинлаш жараёнларини бошқариш.

Шахсий хусусиятлар, яъни инсоннинг маълум бир фаолият турини самарали амалга оширишига таъсир этувчи хусусиятлари давлат хизматида муҳим аҳамият касб этади. Давлат хизматчисининг билим ва кўникмалари қанчалик юқори бўлса, ушбу тизим шунчалик самарали бўлади.

Шундай экан, давлат хизматини ривожлантириш учун, аввало, давлат хизматчиларини ривожлантириш зарур. Бунинг учун уларнинг касбий малакасини мунтазам равишда ошириш талаб этилади.

Реформаларнинг ҳозирги босқичида янги профессионал давлат хизматчилар корпусини шакллантириш, уларнинг малакасини ошириш, фаолиятининг сифати ва самарадорлигини янада яхшилаш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунининг 12-моддасига кўра, давлат хизматчилари ўз касбий компетенциясини мунтазам ошириши шарт. Яъни, давлат хизматчиси ўз ташкилот ваколатларини тўғри ва самарали амалга ошириш учун зарур билим ва кўникмаларга эга бўлиши лозим.

2021 йилдан 2024 йилгача 415 дан ортиқ ўқув курслари ва тренинглар ташкил этилди, уларда 166 мингдан зиёд давлат хизматчилари иштирок этди.

2024 йил давомида Миллий кадрлар захирасига киритилган 1 166 нафар номзод, Перспектив кадрлар захирасига киритилган 494 нафар номзод, вазирлик ва идораларнинг марказий аппаратларида ишлаётган 807 нафар тузилма раҳбарлари, ўрта ва қуйи бўғиннинг 1 644 нафар раҳбарлари, кадрлар билан ишлаш учун масъул бўлган 363 нафар тузилма раҳбарлари, Халқ қабулхоналари тизимида ишлайдиган 464 нафар раҳбарлар, туман ва шаҳар ҳокимликларида фаолият юритаётган 1 343 нафар мутахассислар, ҳудудий ҳокимлик секторлари бўйича яқинда тайинланган 52 нафар раҳбарлар ва халқаро рейтинг ҳамда индекслар бўйича масъул 51 нафар вазирлик ва идора ходимлари компетенциявий ёшдашувга асосланган малакасини ошириш курсларини ўтдилар.

Шунингдек, махсус тайёрлов дастурлари, жумладан, "Аёл раҳбарлар мактаби", "Ҳокимлар тайёрлов мактаби", "Маҳалла еттилиги" дастурлари ҳам амалга оширилмоқда. Ушбу дастурлар давлат хизматчиларининг профессионализми ва компетенциясини оширишга қаратилган.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, ишлаб чиқилган компетенция модели давлат хизматчилари малакасини ошириш курслари учун ўқув дастурларини ишлаб чиқишда асосий йўналиш сифатида хизмат қилди. Ушбу ўқув курслари компетенциялар структурасига мувофиқ бўлиб, давлат хизматчилари учун муҳим бўлган асосий кўникмалар, шу жумладан, етакчилик компетенцияларига алоҳида урғу беради.

Бугунги кунда сиёсий, иқтисодий, маданий, маърифий ва мафкуравий жараёнларнинг тез суръатларда ўзгариб бориши ҳеч бир мамлакатнинг бошқалардан алоҳида ҳолда ривожлана олмаслигини яққол кўрсатмоқда.

Шу муносабат билан ҳар қандай давлат барча соҳаларда тараққиётга эришиш учун бошқа давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатишга интилади.

Ўзбекистонда ҳам халқаро ҳамкорлик асосида давлат фуқаролик хизмати сифати оширишга қаратилган лойиҳалар қуйидаги халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда:

БМТ Тараққиёт Дастури (ПРООН)нинг “Давлат хизматларини такомиллаштириш ва Ўзбекистон қишлоқ ҳудудларида бошқарув даражасини ошириш” лойиҳаси;

GIZ ташкилотининг “Мос давлат бошқаруви” лойиҳаси, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари самарадорлигини оширишга қаратилган;

USAID ташкилотининг “Ўзбекистонда маҳаллий давлат бошқарувини ривожлантириш” лойиҳаси.

Бундан ташқари, халқаро дастурлар доирасида Германия Федератив Республикаси, Хитой Халқ Республикаси, Туркия Республикаси, Корея Республикаси каби давлатларда мунтазам равишда хорижий стажировкалар ташкил этилиб келинмоқда.

Давлат фуқаролик хизматчиларининг бошқарув компетенцияларини шакллантириш жараёнига замонавий ахборот технологиялари фаол жорий этилмоқда.

Хусусан, давлат фуқаролик хизматчилари учун масофавий малака ошириш курслари ишлаб чиқилиб, жорий этилди. Бу курслар қуйидагиларни ўз ичига олади: «Давлат хизматига кириш», «Давлат фуқаролик хизматчисининг этикаси» ва «Иқтисодий билимларнинг асослари». Сўнгги олти ой давомида ушбу курсларни 7 441 нафар давлат хизматчиси муваффақиятли тамомлаб, ўз компетенцияларини оширди ва тегишли сертификатларга эга бўлди.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонда давлат хизматчилари компетенциясини ривожлантиришнинг самарали моделини жорий этиш давлат бошқаруви тизимида ислоҳотларни янада такомиллаштиришга замин яратади ва, энг аввало, давлат хизмати сифати ошишини таъминлайди.

 

Фойдали ҳаволалар