Иқтисодий барқарорликка эришиш йўлидаги энг муҳим устувор вазифалардан бири, шубҳасиз, тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларга тенг рақобат муҳитини яратишдир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022-йил 30-декабрдаги “Республика ҳудудларини тоифаларга ажратиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг табақалаштирилган тизимини жорий этиш чора-тадбирлари” тўғрисидаги фармонига мувофиқ 2023-йил 1-январдан Шўрчи тумани 4-тоифадаги туманлар рўйхатига киритилди. Фаолият юритадиган тадбиркорлик субектлари учун айланмадан олинадиган солиқнинг базавий солиқ ставкаси 3 фоиз этиб белгиланди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгаши ва халқ депутатлари вилоятлар Кенгашларига:
- 4 тоифадаги туманлар бўйича юридик шахслардан олинадиган мол-мулк ва ер солиғига Солиқ кодекси билан белгиланган энг кам қийматларга 0,3 гача;
-Якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган миқдордаги жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича 0,5 гача камайтирувчи коеффитсиент киритиш ҳуқуқи берилди.
Солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиришларга кўра 2023-йил 1-январдан 4 фоиздан 25 фоизгача бўлган айланмадан олинадиган солиқнинг ягона 3 фоизлик ставкаси ўрнатилди. Шунингдек, 2023-йил 1-январдан бошлаб айланмадан олинадиган солиқни қатъий белгиланган суммада тўлаш тартиби жорий этилди.
Бунда солиқ тўловчиларга жами даромади 500 миллион сўмдан ошмаганда йилига 20 миллион сўмлик, жами даромад 500 миллион сўмдан ошганда эса йилига 30 миллион сўмлик қатъий белгиланган суммада солиқ тўлашни танлаш ҳуқуқи берилди. Аҳамиятли жиҳати, қатъий белгиланган суммадаги солиқнинг солиқ тўловчисидан дивидендлар тарзида олинган даромадларига солиқ солинмайди. Шунингдек, қатъий белгиланган суммадаги солиқнинг солиқ тўловчиси мазкур солиқ бўйича ва дивидендлари тарзидаги даромадларга тааллуқли қисм бўйича солиқ ҳисоботларини тақдим этиш мажбуриятидан озод қилинади.
Маълумот учун, жорий йилнинг дастлабки ойида туманимизда 228 нафар айланмадан олинадиган солиқ тўловчилар қатъий белгиланган суммадаги солиқни тўлашга ўтдилар.
Таъкидлаш жоизки, норасмий бандлик улушини қисқартиришда ўзини ўзи банд қилиш муҳим ўрин тутмоқда. 2023-йилнинг январ ойида 550 нафар фуқаро ўзини ўзи банд қилган фуқаро сифатида давлат рўйхатидан ўтди.
Ўтган январ ойида “Солиқчи-кўмакчи” тамойили асосида туманимизда фаолият юритаётган тадбиркорларнинг 260 та муаммолари ўрганилиб, ушбу муаммоларнинг 48 таси солиқ органлари ходимлари кўмагида ҳал этилди ва 212 та масала юзасидан тушунтиришлар берилди.
“Ҳаво ҳарорати кескин совиб кетишининг иқтисодиётга салбий таъсирини камайтириш учун тадбиркорлик субектларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорининг қабул қилиниши тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасидаги навбатдаги муҳим қадам бўлди.
Қарорга кўра:
- тадбиркорларнинг 2023-йил 1-январга нисбатан 1-феврал ҳолатига ошган (ҳосил бўлган) солиқ қарзини 2023-йил 1-мартдан 1-июлгача фоизларсиз, қўшимча шартлар қўймасдан ва таъминот талаб этмасдан тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади;
- тадбиркорларнинг солиқ қарзига пеня ҳисоблаш 2023-йил 1-апрелгача тўхтатилади.
- ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субектларга 2023-йил 1-апрелгача жарималар қўлланилмайди.
Шунингдек, тадбиркорлар 2022-йил декабр ва 2023-йил январ-феврал ойларида давлат мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловларини 2023-йил 1-мартдан 1-июлгача тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлаши мумкин.
Шаймардон Зокиров,
Шўрчи туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи