Бугун “Совжиронбобо” маҳалласининг аҳолиси, ота-оналар, айниқса болажонлар орзиқиб кутган кун бўлди. Нега десангиз, 2019 йилда “Обод қишлоқ” давлат дастури асосида қурилиши бошланган 25-мактабгача таълим ташкилоти туман прокурорининг ташаббуси ва назорати билан 2023 йилда қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Ушбу замонавий боғчада маҳоратли педагоглар болаларнинг маънан ва жисмонан соғлом бўлиб улғайиши учун турли фан ва спорт тўгараклари, мантиқ, ментал арифметика каби қизиқарли машғулотларни йўлга қўйишгани, спорт, санъат ҳамда рус тили ва инглиз тили тўгаракларининг фаолият бошлагани айни мудао бўлди.
-Имконият ва имтиёзлар яратилган жойда албатта, тараққиёт бўлади, - дейди мактабгача таълим ташкилоти раҳбари Айзира Давлатова. - Мактаб ёшигача бўлган ўғил-қизларимизга муносиб таълим ва тарбия бериш, уларнинг қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқаришга барча куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз. Ташкилотимиз болаларни китоб ўқишга қизиқишни уйғотувчи ўқув-методик китоблар, бадиий адабиётлар, ўйинчоқлар билан жиҳозланган. Боғчанинг ташқи томонида эса болалар учун ўйин ва спорт майдончалари, ёзги айвончалар замон талаби даражасида қуриб битказилди. “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да болажонларимизнинг сифатли таълим тарбия олишлари, дунёқараши ва тафаккурини бойитиш учун астойдил хизмат қиламиз.
Албатта, эртанги куни бугун фарзандларимиз қандай таълим-тарбия олаётганига боғлиқ. Ушбу 25-мактабгача таълим ташкилотида меҳнат қилаётган ходимлар юрт корига ярайдиган ўғил-қизларни тарбиялашига шубҳа йўқ.