Янги йил – янги орзулар дебочаси
Вақт шиддатини қарангки, кўз очиб юмгунча тўрт фасл алмашиб, 2024 йилнинг остонасида турибмиз. Эски йил умримизнинг яна бир бўлагини ўзи билан тарих қатларига олиб кетмоқда.
Ҳозир янги орзу-мақсадлар, янги режалар тузиладиган дамлар. Зеро орзу – руҳнинг қамчиси, хаёл эса улови. Интиқиб кутиладиган байрамда албатта кўзланган марра ва ниятлар ҳам янгиланади.
Ҳа, бугун янги йил, умримизнинг очилажак янги саҳифаси қалбларда туғилажак пок мақсад, ўй-хаёллар ҳақида гапираётгандек...
Янги йил арафасида ҳамма жойда байрам кайфияти ҳукмрон, шаҳар кўчалари, майдон ва хиёбонлар, маҳаллалар эртакнамо тусга кирган, турфа ранглар шўъласи қалбларга кўчган.
Бу лаҳзалар, айниқса, болажонларнинг жону дили. Инсон улғайгани сайин “катта бўлиш” орзуси ўрнига, “болаликка қайтиш” истаги тобора мавж ура бошлайди. Вақт ўтиши билан биз ҳаётнинг ҳар бир лаҳзасини қувонч билан қабул қилиш ва ундан ҳузур-ҳаловат туюб яшашни ўрганиб борамиз.
Энг қизиғи, бу байрам дунёнинг турли чеккаларида ўзига хос урф-одатлар билан кутиб олинади. Аммо, Янги йилнинг барча учун ягона ёзилмаган қоидаси борки, у ҳам бўлса, ҳамма оила аъзолари шу куни вақт топиб, бир дастурхон атрофида жамулжам бўлади. Шу сабабли кўп давлатларда уни оилавий байрам, деб аташади.
Байрамнинг бош рамзи – бу боқий яшиллик тимсоли бўлган арчадир. Авваллари ўрмонда ёки хонадонлар яқинида арчалар безатилган, атрофида ўйин-кулгулар бўлган. Кейинчалик бу анъана ҳар бир хонадонга кириб келди. Ҳали айтганимиздек, арча оила аъзоларини бирлаштирди. Ҳозир ҳам бу одатнинг мавжудлиги, эҳтимол, одам боласи ўтмиши ва болалигини қўмсаб яшаши, шунга интилишига ёрқин далилдир.
Хўш, Янги йилни дунё халқлари қандай нишонлайди?
Америка Қўшма Штатларида Янги йил ҳар бир хонадонда пиширилган қиймали куркасиз ўтмайди. У туганмас тўкин-cочинлик, бойлик ва фаровонлик рамзи саналади.
Французлар бу кун тунда болаларнинг оёқ кийимларини совғалар билан тўлдиришади. Келажак авлодлар давомчиси бўлган фарзандлар қувончи ва халқнинг равнақи учун ҳаракат болажон французларнинг чин инсоний фазилатлари орасида энг пешқадами деса ҳам бўлади.
Австралияда Янги йил ёз ойида нишонланиб, ярим тунда очиқ осмон остида дунё бўйича энг катта мушакбозлик шоуси бўлиб ўтади.
Испанларда соат миллари 24:00 га қараб бонг урганда, мамлакатда энг кўп етиштиралидиган ва бутун дунёга экспорт қилинадиган узум мевасидан йил ойларига уйғун равишда 12 дона узум истеъмол қилиш одати бор.
Немислар Янги йилни ўз уйидан ташқарида дўстлари, танишлари, ҳамкасблари билан бирга нишонлашади. Бу бошланаётган янги истиқбол бирдамлик, аҳиллик ва жипсликка кечиши ифодасидир.
Мьянмада Янги йил иссиқ кунларга тўғри келгани учун одамлар бир-бирларига сув сепишади.
Италияда Янги йил куни уйдаги бор эски буюлар деразадан улоқтирилади. Шу тариқа янги йилга янги орзулар ва буюмлар билан кириб бориш ниятини билдиришади.
Вьетнамда Янги йилда гуллаётган шафтоли навдаси билан уйларини безатиб, бир-бирларига совға қилишади.
Болгарияда Янги йил тунида уч дақиқалик чироқ ўчириш одат тусини олган. Бу қалбларда сокинлик ва хотиржамлик ҳукм суришига ишора.
Колумбияда Янги йил кечаси биринчи навбатда уй йиғиштирилиб, ҳеч бир иш тугалланмасдан, чала қолдирилмайди. Шунингдек, бу юртда Янги йил кечаси кўчаларда узун ёғоч оёқли қўғирчоқ одамларни учратиш ҳам мумкин.
Финлар Янги йилда буғу ва ит қўшилган чаналарда учиш учун бепоён ва оппоқ қорга бурканган тоғли ҳудудларга йўл оладилар.
Ҳиндлар шу куни ўзларига турли байрамона ранглар билан оро берадилар. Бир-бирларига шоду хуррамлик ва хушфеъллик билан муомалада бўладилар.
Бразилияда Янги йил куни океан соҳилларидаги қумликларда минглаб шамлар ёқиб қўйилади. Бу фаровонлик рамзи бўлган денгизнинг қуруқлик билан уйғунлигини, инсониятнинг шам ёғдусидаги қалби эса бу ўзига хос мувофиқликда асосий омил эканини кўрсатувчи рамзидир.
Буюк Британиянинг болалар қўшиқ куйлаб, совға-саломлар ва ширинликлар сўраб қўшнилариникига чиқишади.
Ирландияда Янги йил кириб келиши олдидан барча хонадонлар эшиклари очиб қўйилади ва шу тарақа оилага қут-барака кириб келади.
Хитойда болаларга қизил конвертда “Бахт пули” тарқатилади.
Скандинавия давлатларида гуручли бўтқа ичига бир дона бодом яширилиб, дастурхонга тортилади.
Грецияда Янги йил кечаси оила бошлиғи бир дона катта анорни ерга куч билан уради. Сочилиб кетган анор доналари греклар эътиқодига кўра омад ва саодат калитидир.
Таинландда Янги йил куни будда ҳайкалларини атиргул ва ясмин гулбарглари билан ювишади.
Эфиопияликлар Янги йил кечаси эвкалипт, арча шохларидан ота-боболари удумларига кўра катта гулхан ёқишади.
Японияда одамлар Янги йил кириши билан оз эмас-кўп эмас – 108 марта бонг чалишади.
Асрлар давомида сақланиб келаётган бундай урф-одат ва удумлар беҳисоб.
Бу йилги Янги йил байрами ҳам мўъжизаларга лиммо-лим, янги орзу-умидлар олиб келувчи байрам сифатида хотирамизда қолсин.
2024 йил жадал тараққий этиб бораётган жонажон юртимиз учун чин маънода улкан юксалишлар, муваффақиятлар ва омадлар йили бўлсин!