Шўрчи тумани ҳокимлиги расмий сайти

Янгиланаётган конституция суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар натижаларини ҳуқуқий мустаҳкамлайди

“Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонуни лойиҳасига кўра, амалдаги Конституцияга 27 та янги модда киритилмоқда, моддалар сони 128 тадан 155 тага ошмоқда. Шунингдек, Конституциямизнинг амалдаги 275 та нормаси 434 тага кўпаймоқда, яъни Конституциямиз 65 фоизга янгиланмоқда.  Хусусан, мулк дахлсизлиги ва у билан боғлиқ ҳуқуқларнинг таъминланиши давлат томонидан кафолатланиши, мулкий ҳуқуқларни чеклаш фақат суд қарори асосида бўлиши мустаҳкамланмоқда.

 Суд тизимини, суд ишларини ташкил этишга оид ижобий ўзгаришларни эътироф этиш мақсадга мувофиқ. Албатта, ҳар қандай мамлакатда бўлгани сингари ўз ечимини кутиб турган масалалар мавжуд. Шу боис, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан эълон қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасида энг аввало, суд органларини фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи мустақил органга айлантириш энг муҳим вазифа этиб белгиланди. Эндиликда Конституциявий суд фуқаролар ва юридик шахсларнинг шикоятларини кўриб чиқади.

    Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 109-моддасига Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди томонидан фуқароларнинг ва юридик шахсларнинг муайян ишда суд томонидан уларга нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш ҳақидаги шикоятларини кўриб чиқилишини белгилаш назарда тутилмоқда.

  Судьялар олий кенгаши унинг таркиби Ўзбекистон Республикаси Президенти тақдимномасига биноан Сенат томонидан тасдиқланадиган Кенгаш раиси ва кўпчиликни ташкил этувчи судьялар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ва ҳуқуқ соҳасидаги малакали мутахассислардан иборат бўлди.

  Судьялар олий кенгашига судьялик лавозимларига малакали мутахассислар орасидан очиқ ва шаффоф танлов асосида судьялар корпусини шакллантириш, судьялар дахлсизлиги бузилишини ва уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашишларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар кўриш, номзодлар ва судьяларнинг касбий тайёргарлигини ташкил этиш, аҳоли билан мулоқотни йўлга қўйиш вазифалари юклатилган. Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 111-моддасига “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши судьялар ҳамжамиятининг суд корпуси шакллантирилишини, суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминловчи мустақил органидир” деган конституциявий норма киритилмоқда. Бу билан судьялардан иборат суд корпусини шакллантириш, хусусан номзодларни танлаш ва судьялик лавозимига тайинлаш масаласи конституциявий даражада белгиланади. Бундан ташқари, адвакатурага бағишланган алоҳида бобнинг киритилиши суд ҳокимияти, прокуратура органлари қаторида одил судловнинг муҳим таркибий қисми сифатида адвокатуранинг ҳуқуқий мақоми белгиланишига хизмат қилади.

  Янгиланаётган Конституциямизда “Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш - давлатнинг олий мақсадидир” деган норма белгиланмоқда. Ушбу мақсадга эришиш учун инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги, давлат органлари томонидан ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керакли белгиланмоқда.

  Айбсизлик презумцияси янада кучайтирилмоқда. Жумладан, Конституциямизнинг амалдаги 26-моддасида шахснинг иши судда кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланган бўлса, эндиликда суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча у айбсиз ҳисобланиши мустаҳкамланмоқда. Конституцияда инсоннинг шахсий ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолати энг илғор халқаро стандартларга мувофиқ кучайтирилмоқда. Хусусан, шахсни суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги, ушбу муддат ушлаб туриш қонунийлиги ва асослилиги судда исботланмаса, шахс дарҳол озод қилиниши (“Хабеас корпус” институти) ҳамда шахсни ушлаб туриш чоғида унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари унга тушунарли тилда тушунтирилиши кераклиги (“Миранда қоидалари”), шунингдек,  айбланувчи ва судланувчиларга ўзига қарши кўрсатма бермаслик, яъни “сукут сақлаш” ҳуқуқи белгиланмоқда. Ушбу қоидалар шахсий эркинлик дахлсизлигини ва инсонларни ноқонуний ҳибсга олишга йўл қўймасликни кафолатлайди. Илк маротаба ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар, почта, электрон хабарлар ва бошқа хабарларни сир сақлаш ҳуқуқи фақат суднинг қарорига асосан чекланиши мумкинлиги белгиланмоқда. Яъни, ҳозирги вақтда ушбу ваколат прокурорга тегишли бўлиб, унинг судларга ўтказилиши шахс дахлсизлиги ва конституциявий ҳуқуқларини таъминлашда туб бурилиш бўлади. Шахс қариндошларининг судланганлиги асоси билан ҳуқуқлари чекланиши мумкин эмаслиги қатъий белгиланиши инсон ўзининг яқинлари йўл қўйган хатолар учун жавоб бермаслигини таъминлайди.

  Қонунда суд ҳокимиятининг чинакам мутақиллигини таъминлаш мақсадида Судьялар олий кенгашининг барча аъзоларини Сенат томонидан сайлаш тизимини киритиш таклиф этилмоқда. Бу каби янгилик ва ўзгаришлар орқали кейинги йилларда юртимизда амалга оширилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари натижалари конституция даражадасида мустаҳкамланади.

Музаффар ҲАКИМОВ,

Жиноят ишлари бўйича

Шўрчи туман суди раиси

Фойдали ҳаволалар