“Инсон қадри улуғланган юрт” деган эзгу ғоя остида педагог раҳбар ва ходимлар иштирокида Янги Ўзбекистоннинг янгиланётган Конституциясига бағишланган тарғибот тадбирида Ўзбекстон Республикаси Олий Мажлис сенати, фан, таълим ва соғлиқни сақлаш қўмитаси раиси Одилжон Иминов, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши котибияти мудири Сайдулла Абдураимов, туман ҳокими Улуғбек Зокиров иштирок этишди. .
Тадбир давомида Бош қомусимизга киритилаётган ўзгартишларнинг мазмун-моҳияти, таълим ривожига доир муҳим жиҳатлар хусусида маълумотлар берилди. Асосий Қонунимиз мамлакатимизда янги ҳаёт, янги жамият барпо этиш йўлида қўлга киритилаётган барча ютуқ ва марраларимизнинг хуқуқий пойдевори – келажагимизнинг ишончли кафолати эканлиги таъкидланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мамлакатимизнинг янги таҳрирдаги “Конституцияси тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинганлиги, ушбу Қонун умумхалқ референдумида овозга қўйилиши ва ана шу Референдум жорий йилнинг 30 апрель, якшанба кунига белгиланганлиги ва унда ҳар биримиз иштирок этиб ўз фуқаролик бурчимизни бажармоғимиз лозимлиги алоҳида қайд этиб ўтилди.
Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Конституциясидаги моддалар сони 128 та бўлган бўлса, янги Қомусда уларнинг сони 155 тани ташкил этиб, ундаги нормалар эса 275 тадан 434 тага оширилмоқда. Қисқача изоҳ берганда, амалдаги Конституциямизнинг 65 фоизига ўзгартириш киритилмоқда.
Тадбир давомида янгиланаётган конститутциявий қонун лойиҳа матнининг 50- ва 52-моддаларида мактаб ва мактабгача таълимни ривожлантириш бўйича қатор ҳуқуқий асослар келтириб ўтилгани қайд этилди.
— Мен 39 йиллик стажга эга бўлган фахрий педагог сифатида, ўқитувчи обрўси ер билан битта бўлган пайтларни кўрдим, - дейди Маърифат Бобоназарова. -Ўқитувчига юқори ташкилотлар, ҳокимият, ҳатто уларнинг энг кичик ходимлари ҳам буйруқ бериб, дўғ уриб, қаддини букканини гувоҳи бўлдим. Ўша йилларда қадр топмаган ўқитувчи энди ўтмишда қолди. Асосий қонунга киритилаётган ўзгартиришлар уларнинг конституцион ҳуқуқлари, манфаатлари мақомини мустаҳкамлайди. Янгиланаётган Конституциямизнинг 52-моддасида бу ўз аксини яққол топган. Мен фарзандларим, набираларим тақдирига бефарқ эмасман барчангизни 30 апрелда ўтадиган референдумда фаол қатнашишга, овоз беришга чорлайман.
Конституция меники, сеники, бизники, сизники, ҳаммамизники! 30 апрель куни барчангизни ўз келажагимиз ва ҳақ-ҳуқуқларимиз кафолати учун овоз беришга чақираман!