#Очиқ мулоқот
Президентимизнинг 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони инсонга эътиборнинг, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишнинг ёрқин намунаси бўлди.
Фармонда “Янги Ўзбекистон – янги суд” тамойили доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишни жадаллаштириш, соҳага илғор халқаро стандартларни жорий этиш кўзда тутилган. Шу мақсадда мазкур ҳужжатга мувофиқ, 2023-2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси тасдиқланди. Ҳужжатга мувофиқ, одил судловни таъминлашга қаратилган бир қатор устувор вазифалар амалга оширилади. Хусусан, “Инсон қадри учун” ғояси асосида чинакам адолатли суд тизими шакллантирилиб, унинг фаолияти халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга йўналтирилади.
-Адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончи мустаҳкамланади, - дейди Абдурахмон Эшмуратов. - Энг муҳими, ҳар бир шахс суд ва судьялар сиймосида ўзининг ишончли ҳимоячисини кўришига эришиш лозим. Шунингдек, фуқаролар ҳамда тадбиркорларга ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судларда ҳимоя қила олиши учун барча имкониятлар яратилиб, суд ишларини юритишда тортишув ва тарафларнинг тенглиги тамойиллари тўлақонли рўёбга чиқарилади. Судларнинг холислигини амалда таъминлашга қаратилган қонунчилик такомиллаштирилади. Судлар фаолияти тўлиқ рақамлаштирилиб, сунъий интеллект технологиялари жорий этилади.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, судларнинг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш, суд кадрларини танлаб олишнинг очиқ ҳамда шаффоф механизмини яратиш бўйича ҳам комплекс чора-тадбирлар олиб борилмоқда Одил судловни таъминлашдаги вазифалар ҳақида Президентимиз таъкидлаганидек, суд биносига келган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат борлигига ишониб чиқиб кетиши керак. Одил судлов халқнинг кўз ўнгида, очиқ-ошкора амалга оширилиб, адолат қарор топиши, судлар чиқараётган қарорлар фақат суд мажлисида текширилган мақбул далилларга асосланиши лозим. 2023-2026 йилларда суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли Стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар дастури тасдиқланди. Стратегия Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимиятини ривожлантиришнинг асосий мақсадлари, устувор йўналишлари ҳамда истиқболли вазифаларини белгилайди, шунингдек, соҳага илғор халқаро стандартларни янада кенг жорий этиш учун асос бўлиб хизмат қилади. Шунингдек, мазкур Стратегияни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар дастурида суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишнинг 10 та йўналиши бўйича 28 та чора-тадбирлари белгилаб қўйилди. Бундан ташқари, 2023-2026 йилларга мўлжалланган суд тизимининг ахборот сиёсати концепцияси ишлаб чиқилади.
Мухтасар қилиб айтганда, келгусида одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллиги таъминланади.