Кўзлари мунгли, бироқ юзларида табассум балқиб турган инсонни кўрсангиз, беихтиёр ундаги камчилик ёки муаммони билгингиз келади. Ҳаётда муаммога дуч келган инсонни кўнгли қараш, унга яхшилик қилиш ҳар биримиз учун фарздир. Қилинган яхшилик, озгина эътибор уларнинг қалбига нур ва чексиз қувонч олиб киради. Ногиронлиги бўлган шахслар, ўксик кўнгилларнинг ҳолидан хабар олиш, ўзгаларга бўлган ишончи, умидини ўйғотиш, меҳрга чанқоқ қалбларга таскин, қувонч бахш эта олиш катта бахтдир.Туман ҳокими ва маҳалла фаоллари томонидан тақдим этилган аравача Аслиддин Жумев, Санжар Соатов, Гулноза Чоршанбиева, Ражабали Алмановга қувонч бағишлади. Албатта, кўнгли ярим бўлган инсонларга ёрдам қўли узатиш, уларнинг кўзидаги қувонч ёшга, юзидаги табассумга сабабчи бўлиш ҳар бир инсон учун ўзгача кайфият бағишлайди. Уларнинг сўз билан ифода этиб бера олмайдиган, лекин кўзларида порлаётган миннатдорлик ва самимийлик ўтаётган ҳар бир он учун шукрона айтиб, барчани меҳр-оқибатли, бирдам ва оқибатли бўлишга ундайди. Меҳр истовчиларни йўқлаш, кексалар ва яқинларимизни кўнглини шод этишга чорлайди.
“Эҳ, қанийди, теливизор қаршисида қимирламасдан ўтирсам”
Санжар Соатов туманимизнинг “Ёшғайрат” маҳалласида истиқомад қилади. Югуриб, чопқиллаб юрган Санжар кутилмаганда содир бўлган автоҳалокат туфайли ногиронлик аравачасига михланиб қолди. Йиллар ўтиб, юришга ҳаракат қилишга интилган қаҳрамонимиз ҳассага таяниб юрадиган бўлди. У қийналсада 2022 йилдан бошлаб поябзал таъмирлаш сирларини ўрганди. Ҳозирда яхшигина ҳунарманд.
- Инсон ҳар доим ҳар бир ишни яхши ният, эзгу амал билан бажариши керак экан, - дейди Санжар. – Болалигимда, уй ишларини бажаришга эринардим. Айниқса, қишнинг қировли кунларида молларга қараш қийин бўларди. Шунда “Эҳ, қанийди, теливизор қаршисида қимирламасдан ўтирсам, шу ишлар ҳам жонимга тенгди. Ногиронларга маза, бир иш қилмасдан, куни бўйи теливизор қаршисида ўтиради” деган гапни бот-бот такрорлардим. Айтганинг олдингга келади, деганинг бўлади 21 ёшимда яъни, 2012 йилда содир бўлган автоҳалокат туфайли оёқларим ишламай қолди. Йиллар давомида мен кўринмаган шифокор, табиб қолмади. Бир иш қилмай, аниқроғи қилолмай, теливизор қаршисида ўтириш ҳам жонимга тегди. 2017 йилнинг охирларида, ҳассага таяниб, 2-3 қадам қўя бошладим. Поябзал тайёрлаш ва таъмирлашга қизиққанлигим туфайли, асосий вақтимни шу ҳунарни ўрганишга бағишладим. 2022 йилда эса ўз устахонамни очдим. Ҳунарим ортидан оиламни тербатиб, фарзандларимни боқяпман.
Нозик дид ва қалб меҳри билан тайёрлаётган ҳунармандчилик маҳсулотлари, поябзалларни таъмирлаш Санжар учун муаммо эмас. У меҳнат қилишдан, маҳалла аҳолисини ҳизматини қилаётганидан мамнун.
Йиғламайман дедим-у, афсус йиғладим
... Синглисини ёрдамида билан кўчада сайр қилиб келган Гулноза бувисини пинжига кириб, ўпкаси тўлиб, йиғлашни бошлади. Бувиси уни сочларини силаб, бир муддат сўз тополмай қийналди. Нима бўлди? Сўроғини беришга ҳам ҳожат йўқлигини яхши билгани учун “Ой қизим, ойдан гўзал қизим, ҳеч нарсага эътибор қилма. Оллоҳ суйган бандасига дард бериб, синаб кўради. Ҳали катта бўлиб, орзуларингга эришасан, зўр одам бўлиб кетасан. Шунда устингдан кулганларни кўрамиз, қандай аҳволга тушишини”, дея таскин берди.
Қизалоқ онасининг тунлари, ундан яшириб йиғлашини кўп бора сезгани учун болаларни кўчада айтган камситувчи сўзларини бувисига айтарди. Онасининг дардини янада оғирлаштиргиси келмасди, бувиси билан дардлашарди.
Ана шундай овутишлар ва йиғилардан кейин Гулноза атрофдагиларни “Сен ҳеч нимани билмайсан!”, “Сен билан дўст бўлишни истамаймиз!”, “Сен ҳеч кимсан!” каби сўзларига эътибор бермасликни ўрганди. Гап-сўзлардан баландда туришга, бепарволикка кўникди. Асосий вақтини китоб мутолаа қилишга бағишлади.
Бахтли оиланинг иккинчи фарзанди бўлган Гулноза Чоршанбиева тақдир таққозоси билан ногирон туғилди. Аммо у тенгдошлари сингари кўчада ўйнаб кулолмаган бўлсада, орзу қилишдан, фикрлашдан, китоб мутолаа қилишдан бир зумга ҳам тўхтамади. Келгусида психолог бўлишни мақсад қилган, орзулари бир олам бўлган Гулноза туманимизнинг “Офтобмакон” маҳалласида яшайди.
-Аслида инсон умри яхшилик ва ёмон амаллар орқали ўлчанади, ундан қоладиган ягона нарса ҳам яхшиликдир, - дейди Гулноза Чоршанбиева. - Ўз юртини, ундаги одамларни яхши амаллари билан севадиган инсонлар кўпайса, бизнинг юртимиз гуллаб-яшнайди. Келажакда психолог бўлиш ниятидаман. Ўқишга кириш учун зарур фанларни ўзлаштиришга ҳаракат қиляпман. Мақсадим сари интилишларим, ўқишга бўлган қизиқишим орзуларимни амалга ошириш йўлида хизмат қилади.
Кўчага, қўни-қўшниларни уйига чиқиш имкониятига эга бўлдим.
Туманимизнинг “Олийҳиммат” маҳалласида истиқомад қилувчи, узоқ йиллар ўқитувчилик қилган Ражабали Алманов ҳозирда имконияти чекланган. Кунда кунора маҳаллага чиқиб, тенгдошлари билан суҳбатлашиш ниятида бўладию, аммо юриш имконияти бўлмаганлиги сабабли яна радио тинглаш билан чекланади.
Маҳалланинг ҳар бир юмушида тик оёқда турган, маҳалла ёшларига таълим тарбия берган инсон ҳасталик туфайли тўшакка михланиб қолса оғир бўлади.
-Маҳаллага, қўни-қўшиларнинг уйига чиқиб улар билан суҳбатлашсам дейман, - дейди отахон. -Аммо юриш имкониятим йўқлиги сабабли, қўшниларнинг ўзи келиб хабарлашади. Баракат топсин, туман ҳокимига аравача сўраб йўллаган мурожаатим ижобий ҳал этилди. Энди замонавий аравача ёрдамида кўчага, қўни-қўшниларни уйига чиқиш имкониятига эга бўлдим.
Ҳаётнинг пасту баландликлари бисёр. Тақдир синови “Офтобмакон” маҳалласида яшовчи Аслиддин Жумевни ҳам четлаб ўтмади. Эзгу ниятлар билан қурилиш соҳасида меҳнат қилаётган Аслиддин эҳтиётсизлиги оқибатида йиқилиб, дардман бўлди. Аммо у ҳаракатдан тўхтагани йўқ. Аслиддин бу синовларни албатта енгиб ўтиш, келгусида Ватанпарвар инсон бўлиб улғайиш ниятида эканлигини таъкидлади.
Нигина ШОЕВА,
журналист