Инсон ҳамиша орзу-умид билан яшайди. Айниқса, билакда куч-ғайрат, шижоат жўш урган ёшлик палласида орзу-ниятларнинг чек-чегараси бўлмайди.
Аммо бундай интилиш ва истаклар ўз-ўзидан ижобат бўлиши ҳам мушкул. Бунинг учун ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни эзгу мақсадларга руҳлантириш зарур. Мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан юритилаётган “Ёшлар дафтари” айни шу мақсадга хизмат қилаётгани билан аҳамиятли. Ҳозирда бу имкониятдан оқилона фойдаланаётган ёшларимиз катта ютуқларга эришмоқда.
19 ёшни қаршилаган Азизбек Қаршиев ҳарбий хизматга боришга бел боғлади. Аммо, ҳарбий хизмат учун амалга оширадиган пул маблағини тўлашга имконияти бўлмаганлиги сабабли, орзуси амалга ошириш учун маҳалласида фаолият юритаётган ёшлар етакчисини ёнига борди.
Азизбекнинг оилавий шароитини ўрганган ёшлар етакчисидан, маблағи етмасада, ҳарбий хизматга бориш иштиёқи баланд бўлган Азизбек бу борада ёрдам бериш имконияти мавжудлигини эшитгач жуда хурсанд бўлди.
Шўрчи туманидаги 53 та маҳаллада фаолият юритаётган ёшлар етакчиси томонидан 2022 йилда “Ёшлар дафтарига” киритилган ҳарбий хизматга бориш ниятида бўлган 105 нафар ёшлар учун зарур бўлган маблағлар тўлаб берилди.
Маълум бир вақт ўтгач, Азизбек Қаршиев миллий армиямизда юртимиз тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги ва халқимиз осойишталигини ишончли ҳимоя қилишга қодир, жисмонан ва маънан баркамол ҳарбийлар сафидан ўрин олди. Ҳарбий хизматга отланар экан, қаҳрамонимиз бахтиёрлигини яширолмади.
-Жуда бахтиёрман. Тест ва жисмоний тайёргарлик бўйича синовларда яхши натижаларга эришганим боис, сараланганлар қаторидан ўрин олдим, – дейди Азизбек Қаршиев. – Муддатли ҳарбий хизматдан сўнг, албатта, шу соҳада олий маълумот олиб, профессионал ҳарбий бўламан. Ўз бурчимни чегара қўшинлари сафида давом эттириш ниятим бор.
Кўзларида Ватанга муҳаббат туйғуси акс этган, ҳарбий либоси ярашиб турган ўктам йигитлар орасида Азизбекнинг борлиги ота-онасинида қувонтирди. Азиз диёримиз тинчлигини, халқимиз осойишталигини асрашга отланаётган ёшларимиз албатта, Президентимиз, халқимиз ишончига муносиб бўладилар. Зеро, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда халқимиз тарихига ва маънавий қадриятларига юксак ҳурмат туйғусини шакллантириш, Ватан ҳимоясига, унинг миллий хавфсизлиги, ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини таъминлашга доимо шай туришга ҳамда ҳарбий хизматни ўташга тайёрлаш тизимини ислоҳ қилиш натижасида ёшларни ҳарбий хизматга қадар тайёрлашнинг тизимини янада ривожлантиришга эришилмоқда.
Нигина ШОЕВА
Журналист.