- Ойи, ойижон, мен ватанимга хизмат қиламан! Мана қаранг, аскар бўлдим, - ошхонада кечки овқатни тайёрлаётганимда югуриб келган ўғлим бағримга отилди.
-Катта опа айтдилар, мендан яхши аксар бўларканман. Ватанимиз сархадларини, чегараларини ҳимоя қилишга тайёр туришим керак. Ойижон, мен албатта, ватанимиз сарҳадларини ҳимоя қиламан.
Эндигина 6 ёшни тўлдирган ўғлимдан бу сўзларни эшитиб, тўғриси этим, жунжикиб, ҳаяжонланиб кетдим. Ватанимиз сарҳадлари аслида нима, ўғлим. Ватанга хизмат қилишчи? Беихтиёр ўғлимга берган саволимдан иккиланиб қолдим. Ахир бу боғчага борадиган 6 яшар болага бериладиган савол эмаску!.
-Ойи, Ватанимиз сархадини сўз билан ифодалаш қийин. Унинг тинчлиги учун яхши ўқиб, ишлаб хизмат қилиш керак. Катта опамга, Она Ватанимни севишга, унинг учун хизмат қилишга, яхши бола бўлиб, зўр ўқишга сўз бердим. Ойи, йигитлар сўзида туриши керак. Катта бўлсам аскар бўлишга, Ватанимни ҳимоя қилишга, ваъда бераман. Ойи сиз ҳам Ватанимизни севасизми? Унга хизмат қиласизми?!
... Мен ҳам Ватанимни севаманми?! Ўғлимни саволидан ўйланиб қолдим.
Она Ватан! Нима учун Ватанни она сўзи билан ёнма-ён ишлатамиз? Чунки, Ватан ҳам онамиз сингари азиз, жонкуяр, меҳрибон, қалби қайноқ ва қадрлидир. Даставвал, онамизнинг вужудида улғайсак, ундан сўнг Она Ватанимизнинг қайноқ кўксида, камол топамиз. Бизни асраган, орзу умидларимизнинг рўёбига гувоҳ бўлган, эзгу ниятлар ила қалб торларимизни чертган, яхши яшашга ундаган Ватанимизни нега севмас эканмиз?! Нега шундай Ватанимизни асраб-ардоқламас эканмиз?!
81 ёшни қоралаган, беллари бироз букчайган, қўллари сал қалтирасада пахта чигитлаб, урчуқ йигириб ўтирадиган, мавсумга қараб, гилам тўқиб, барчамизга ибрат бўладиган бувимнинг ҳар гал “Туғилган ердан кўнгил узилмас, Юртин қўриганнинг юрти бузилмас” деган гапларини энди тушунгандайман.
Она Ватанга бўлган муҳабатимни сўз билан ифодалаб беролмайман. Аммо, фермернинг даласида гуркираб очилиб турган пахта толаларини терганимда, маҳалламиз кўчаларини супуриб-сидирганимда, мактаб остонасидан хатлаб кирган болажонларга таълим берганимда, ёзган номаларим кишиларни тарбияга ундаганида, 6 яшар ўғлимнинг Ватанимни севаман, унга хизмат қиламан деган сўзида Ватанимга бўлган менинг муҳаббатим, севгим жойланган аслида.
81 ёшли бувимнинг қадоқ қўлларига қарар эканман, колхоз ерларида тинимсиз меҳнат қилганларини, қишли қировли кунларда даладан пахта терганларини, ёзнинг жазирама иссиғида ғалла ўрганларини ҳеч қачон миннат қилмайдилар. Аксинча, у ҳам бир ширингина давр бўлганини, Ватан хирмонини миллий бойликка тўлишида ҳисса қўшганини, керак бўлса, пахта териб ғалла ўримига ҳозир ҳам тайёр эканликларини мамнунлик билан таъкидлайдилар. Бувим қадоқ қўлларию титраган лаблари ила Ватанни севадилар, ардоқлайдилар. Илк қадамимиз қўйилган, олдимиздаги бурч ва масъулиятни тушунишимиз, оқ-қорани танишимиз учун хизмат қилган Она Ватанимиздаги бор нарсани қадрлаш, уни асраб-авайлаш инсоний бурчимиз. Зеро, тинчлик ва осойишталикни асраб-авайлаш, ҳимоя қилиш фақат муайян соҳалар ҳодимларининг вазифаси эмас, аксинча Ватани борларни, Ватан аталмиш остонада улғайиб камол топаётганларнинг бурчидир.
Яқинда хизмат сафари билан Қозоғистонга боришимга тўғри келди. Буни қарангки, менга йўлдош бўлганларнинг аксарияти журналистлар бўлди. Атрофимиз қозоқ миллий таомлари, урф-одатлари акс этган манзара билан ўралганига қарамай, мусобақада ғолиб бўлган спортчимиз шарафига янграган давлатимиз мадҳиясини тинглаб кўзим ёшланди. Беихтиёр ўзим улғайган кўчалар, саломга шай турган мажнунтоллар кўз ўнгимда гавдаланди. Ватанимиз мадҳ этилган, орзу умидларимиз, келажагимиз ва амалга оширажак ишларимизни ўзигада жамлаган юрт мадҳиясини тинглаб ғурурланган бўлсам, кўкда хилпираган байроғимизни кўриб фахрландим. Бор йўғи 4 кунлик хизмат сафарида Ватаним қадри сезилди, жазирама иссиқда ҳам далада ишлаган бободеҳқонлар, қуёш тафтида пишиб етилган сархил мевалар кўз ўнгимда гавдаланди. Айниқса, аскар либосидаги 6 яшар ўғлимнинг “Мен аскар бўламан, Ватанимга хизмат қиламан” деган гаплари қулоғим остида жарангларди.
Ҳар бир инсон Она Ватанига ўзгача меҳр қўяди, ўзгача севади. Кимдир жозибали рақси, кимдир дилтортар қўшиғи, кимдир тайёрлаган миллий либослари, яна кимдир маъно-мазмунга бой тасвирлари орқали севади. Ватани камолоти йўлида ўз халқига муҳаббати туфайли моли, куч-ғайрати тугул жонини ҳам аямайдиган, халки ва ватанининг озодлиги, фаровонлиги учун бор будини фидо қилувчи фарзандларини Она Ватанимиз ҳам эътиборсиз, эътирофсиз қолдирмайди. Ватан меҳри ила улғайган, эзгуликка ошуфта қалб эгалари эса ҳамиша яратувчанлик ва бунёдкорлик иштиёқи билан яшайдилар. Бир хайрли юмушни адо этиб, навбатдаги марра сари ошиқадилар. Диёримиз осмони доимо мусаффо, тинчлигимиз барқарор ва мустақиллигимиз абадий бўлсин!
...Эрта тонг. Боғчага йўл олган ўғлим забонида ҳамон “Ватаним сархадларини ҳимоя қиламан. Мен Ватанимни севаман” деган сўзлар жаранглайди.
Нигина ШОЕВА,
Журналист.