Шўрчи туманининг “Кушон” маҳалласида истиқомад қилувчи Ислом Жўраев куз фаслининг октябр ойида томорқасининг 2 сотих томорқасига ташкил қилинган гидропоника усулидаги иссиқхонага 2,5 минг туп қулупнайнинг менхиянг навини экканди. Баравж ўсаётган қулупнай кўчатлари ҳосилга кириб, меваси яхшигина пишганди. Об-ҳавонинг кескин пасайиши сабаб, гидропоника усулидаги иссиқҳонага экилган қулупнайлар ҳосил беришдан тўхтади.
-Юртимизда кузатилган аномал совуқ, иссиқхонамиздаги қулупнай кўчатларига ҳам яхшигина таъсирини ўтказди, - дейди Ислом Жўраев. – Янги йилда мўл ва сифатли ҳосил олишни режелаштиргандик. Бироқ, биз кутган натижа бўлмади. Аммо, меҳнатимиз натижасиз қолгани йўқ. Бироз вақт ўтиб, қулупнайларимиз гуллаб, яна ҳосил беришни бошлади. Ҳозирда қулупнайнинг қорайиб, совуқ урган гулларини узуб оляпмиз. Ўрнидан янги гуллар чиқиб, ҳосилга кирмоқда. Ҳаво ҳарорати иссиқ бўлиши билан ҳосилдорлигимиз ҳам ошади. Сифатли ва мўл ҳосил оламиз.
Халқимиз азалдан ҳар қарич ернинг қадрига етиб, ундан ризқу-насиба ундириб келган. Шу боис, томорқани хазинадек эъзозлайди. Кундалик эҳтиёжга зарур бўладиган озиқ-овқатнинг аксарияти айнан шу бир парча ерда ундирилади. Зеро, кафтдек ерни ҳам бўш қолдирмасдан, экин экиш, ниҳол қадаш, умуман ердан унумли фойдаланиш оила фаровонлигини оширишга хизмат қилади.
Дарвоқе, томорқачиликда тажриба ҳам даромад ҳам ортишини жуда яхши англаган кушонликлар, аллақачон Ислом Жўраевдан маслаҳат олиб, қулупнай экишни бошлаб юборишган.
Нигина ШОЕВА
Журналист.