Мурод Панжиев туманимизнинг “Гўзаллик” маҳалласида яшайди. Тадбиркорлик қилиш ниятида бўлган Муродбекни маҳалла фаоллари қўллаб-қувватлаши натижасида, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди. Барча турдаги мебел жиҳозларини тайёрлаётган Муродбек Панжиев айни кунда 6 нафар тенгдошини бандлигини таъминлаган.
Туман ҳокими, сектор раҳбарлари ва Халқ қабулхонаси мудири Р.Хўжақулов “Гўзаллик” маҳалласида бўлиб, маҳалла фаоллари, фуқаролар ва ёш тадбиркор М.Панжиев билан суҳбатлашди.
-Ёшларни, айниқса тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни мақсад қилган маҳалладаги ҳар бир фуқарони қўллаб-қувватлаймиз, улар учун зарур бўлган имтиёзли кредитларни ажратилишида амалий ёрдам берамиз, - дейди Улуғбек Зокиров. – Ёш тадбиркор Муродбекнинг фаолиятини кенгайтиришга ёрдам қилсак, маҳалладаги 5-10 нафар тенгдошини ишли, ҳунарли бўлишига ўз ҳиссасини қўшади. Айниқса, китобхон ёшларга эътибор қаратамиз. Маҳалланинг ёшлари учун барча тўгараклар самарали фаолият юритиши зарур. Шундагина ёшларимиз ўзларини қизиқтирган тўгаракда бўш вақтини мазмунли ўтказишади.
Тадбиркор М.Панжиевнинг фаолиятини кенгайтириш, унга имтиёзли кредит ажратиш борасида маҳалладаги ҳоким ёрдамчисига зарур тавсия ва кўрсатмалар берилди. Шундан сўнг томорқасининг 11 сотих ер майдонига иссиқхона ташкил қилган Гулчеҳра Бозорованинг хонадонига борилди. Хонадон вакиллари иссиқхонага лимон кўчатини экиб, самарали фойдаланишмоқда. Келгусида ушбу иссиқхонада қулупнай экишни режалаштиришган.