1967 йилда туманимиздаги Далварзинтепа қадимий шаҳри ёдгорлигида будда ибодатхонаси ва ганчдан ишланган ҳайкаллар топилган.
Далварзинтепа хилма-хил осори-атиқалари билан бутун дунёга машҳур. Бу ердан топилган дунёдаги энг қадимий икки буддавий ёргорлик ва бири иккинчисига ўхшамайдиган 40 дан ортиқ, ҳажми ярим метрдан уч метргача келадиган, лой ва ганчдан тайёрланган ҳайкаллар, олтиндан ясалган 115 дона аёллар тақинчоқлари ва зебу зийнатлари инсониятни ҳамон ҳайратга солиб келмоқда.
Далварзинтепада олиб борилган қазилма ишлари давомида катта ҳажмдаги 15 та хум, аёллар тасвиридаги 2 та терракота, жуда нафис тайёрланган 66 та енгил шиша идишлар ва катта-кичик ҳажмдаги 45 дона мис танга топилган. Далварзинтепа Кушон империясининг пойтахти бўлганидан далолат берувчи доира шаклида ковшарланган балдоқли танганинг топилиши эса дунё аҳлини яна ҳайратга солди.
Мазкур танга мутахассислар томонидан ўрганилганда, унда 80 ёшни қоралаб вафот этган Кужулла Кадфиз сулоласининг давомчиси Вима Кадфиз тасвирланган бўлиб, бу императорлик муҳри эканлиги аниқланди
Бу эса буюк Кушон империясининг ривожланишида Далварзинтепа ўзига хос ўрин тутганлигидан далолат беради.