Шўрчи тумани ҳокимлиги расмий сайти

Туман ҳокими Акбарали Ишмурзоевнинг “Устозлар ва мураббийлар” учун йўллаган байрам табриги.

Ассалому алайкум!

Қадрли устозлар, меҳридарё ўқитувчи ва мураббийлар!

Аввало, Сиз азизларни, сизларнинг тимсолингизда устоз деган шарафли номни улуғлаб келаётган юртимиздаги барча инсонларни Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан самимий табриклайман.

Буюк бобомиз Алишер Навоий айтганларидек, дунёнинг бор бойлик ва хазинаси билан ҳам олийжаноб меҳнатингиз ҳақини адо этиб бўлмайди. Ҳақиқатан ҳам, ўқувчиларини ўз фарзандидек ардоқлаб, ёш авлод тарбияси учун кўз нури, қалб қўри, бутун борлиғини бахш этадиган ўқитувчи ва мураббийлар том маънода фидойи касб эгаларидир.

Куни кеча Муҳтарам Юртбошимиз Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига йўллаган байрам табригида “Ишончим комил, сиз, муҳтарам педагоглар, профессор-ўқитувчиларимиз таълим соҳасидаги ислоҳотларимизда янада фаол иштирок этиб, “Янги Ўзбекистон – маърифий жамият” деган олижаноб ғоямизни амалга оширишга муносиб ҳисса қўшасиз.

Ҳеч шубҳасиз, биз таълим ва тарбия тизимини янада равнақ топтириш, соҳа ходимлари учун муносиб меҳнат ва турмуш шароитларини яратиш масаласига бундан буён ҳам устувор аҳамият берамиз ва ўқитувчиликни жамиятимизда энг обрўли касблар қаторига олиб чиқамиз” деган сўзлари ҳар жиҳатдан ибратлидир.

Мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги даврига қадам қўйган ҳозирги кунда замонавий давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаши аввало илм-фан ва таълим-тарбия соҳасининг ривожи билан, бу борада бизнинг дунё миқёсида рақобатдош бўла олишимиз билан узвий боғлиқ, десак муболаға бўлмайди. Сиз, азиз ўқитувчи ва мураббийлар сизларнинг берган билим ва тажрибангиз, истеъдод ва маҳоратингизга суянамиз.

Сизларни 1-октябр – ўқитувчи ва мураббийлар куни билан яна бир бор табриклаб, барчангизга узоқ умр, бахт-саодат, хонадонингизга файзу-барака, баркамол авлодни вояга етказишдаги эзгу ишларингизга улкан зафарлар тилайман.

Байрамингиз муборак бўлсин. Муҳтарам ўқитувчи-мураббийлар, азиз устозлар!

Фойдали ҳаволалар