Ҳар бир ҳудуднинг деҳқончиликда ўз йўналишлари бор. Қайсидир ҳудудда боғдорчилик ривожланган бўлса, яна қайсидир ҳудуд кишилари асосан сабзавот ёки полиз маҳсулотлари етиштириш билан шуғулланади.
Шўрчи туманининг “Олатемир” маҳалласида аҳоли томорқасида иссиқхона ташкил қилиб, лимон, мандарин кўчатларини меҳр билан парвариш қилиб, яхшигина даромад олмоқда.
Туман ҳокими “Олатемир”маҳалласида яшовчи Шуҳрат Дўстбеков хонадонида бўлди.
— Томорқамизнинг 10 сотихига ташкил қилган иссиқхонамизда лимон ва мандарин етиштирамиз, - дейди Шуҳрат Дўстбеков. -Ҳозир барча кўчатларимиз тўлиқ ҳосилга кирган. Йилига 20-25 тонна ҳосил олаяпмиз. Бундан ташқари, чорвачилик ҳамда очиқ майдонда сабзавот экинларини етиштириш билан шуғулланамиз. Ўзим бошчилигимда фарзандларим билан томорқада меҳнат қиламиз. Албатта, шунга яраша яхшигина даромад ҳам топамиз. Янги уй-жойлар қурдик, тўйлар қиляпмиз, машиналар миняпмиз, буларнинг барчаси меҳнатимиз ортидан-да.
Лимон, мандарин севиб истеъмол қилинадиган мевалар сирасига киради. Бугун бозорларимизда унинг кўплаб турларини кўриш мумкин. Миришкор халқимиз мазкур цитрус мевани уй шароитида етиштиришнинг ҳам ҳадисини олган. Олатемирлик Шуҳрат Дўстбеков томорқадан самарали фойдаланиб, рўзғорини обод қилмоқда шу билан бир қаторда у етиштираётган лимон ва мандарин ҳосили аллақачон бозор расталаридан ўрин олган.