Барчага маълум, ҳар бир маҳалланинг ўзига хос катта-ю кичик масала ва муаммолари бор. Бири учун ички йўлларни таъмирлаш ўта зарур бўлса, иккинчисида ичимлик суви олиб келиш энг асосий масала. Бошқа бири ана шу икки муаммонинг ҳам бир йўла ҳал этилишидан манфаатдор. Яна бири газ, бошқаси замонавий жиҳозланган мактабгача таълим муассасининг барпо этилишини истайди.
Эндиликда бу каби муаммоларга ечим топилди. “Ташаббусли бюджет” жараёнида фуқаролар инфратузилмани яхшилаш, йўллар қуриш, мактабларни таъмирлаш ва бошқа лойиҳаларга овоз бериш ва ўзи яшаётган ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш имкониятига эга бўлди. Давлат ва ҳудудий дастурлар энг қуйидан, маҳалла ва қишлоқлар инфратузилмаси, одамлар ҳаёт даражасидан келиб чиқиб шакллантирилмоқда.
“Ташаббусли бюджет”нинг йўлга қўйилиши билан аҳолининг ташаббуслари ва фаол иштироки ҳал қилувчи роль ўйнамоқда. Раҳбарлар ҳам ҳудуд ривожи билан боғлиқ режа ва мақсадларни аҳолининг фикрларини инобатга олган ҳолда, улар билан бамаслаҳат тузмоқда. Бундай муносабат давлат ҳокимияти органлари ва халқ ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаяпти, муаммо ва масалаларга ўз вақтида ечим топишга хизмат қиляпти.
2023 йилда Шўрчи тумани Какан маҳалласи аҳолиси “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида ғолиб бўлиб, қишлоқ шароитини яхшилашга ҳаракат қилди. Каканликлар 2023 йилда “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида икки мавсумда ҳам ғалабани қўлга киритган. Маҳалла аҳолисининг саъй-ҳаракатлари билан муаммолар ҳал этилмоқда.
Туманимизнинг Какан маҳалласида 4 минг 606 нафар фуқаро истиқомат қилади. Ўтган йил “Ташаббусли бюджет”нинг иккита босқичида ғолиб бўлиб, жами 15 км ички йўллари асфальтланди. Бугунги кунда қишлоқнинг ички йўлларининг 90 фоизи асфальтланган.
-“Ташаббусли бюджет” лойиҳаси ташкил этилгандан бери маҳалламиз иккинчи марта ғолиб бўлишди,, - дейди маҳалла раиси Хайрулла Аллаев. - 2023 йилнинг 2-мавсумида умумий ҳисобда 5 та лойиҳани ютиб олдик. Кейинги мавсумларда ҳам ғолиб бўлиб, маҳалламиздаги камчиликларни бартараф этишга ҳаракат қиламиз. Одамлар аҳил-иноқ, оқибатли бўлган жойда барака бўлади. Барча ишни давлат қилиб бериши керак, деб қараб ўтириш ярамайди. Ҳамма ишни бамаслаҳат, биргаликда амалга оширишга киришгандик қишлоғимиз обод бўлиб қолди. Яхши яшаш учун фақат орзу эмас, ҳаракат, интилиш ҳам керак. “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси маҳалла ободлигига хизмат қилмоқда.
Албатта, фаровонликка хизмат қиладиган ишлар ҳамжиҳатликда бажарилса, одамларни бир-бирига яқинлаштиради, меҳр-оқибатни мустаҳкамлайди.
Нигина Шоева
Журналист.