Шўрчи тумани ҳокимлиги расмий сайти

ТАДБИРКОРНИНГ ҲУҚУҚИ ТИКЛАНДИ.

Термиз туманлараро маъмурий суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Савдо саноат палатаси Сурхондарё вилоят ҳудудий бошқармасининг “Dahbet” хусусий корхонаси манфаатида жавобгар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги давлат кадастрлар палатаси Сурхондарё вилоят бошқармасининг хусусий корхонага Бойсун туман ҳокимининг 2018 йил 28 июндаги 1389-сонли қарори асосида ажратилган 0,30га ер майдонини давлат рўйхатига олмаслик борасидаги хатти-ҳаракатини қонунга хилоф деб топиб, унинг зиммасига 0,30 га ер майдонини хусусий корхона номига давлат рўйхатидан ўтказиш мажбуриятини юклаш ҳақидаги аризаси кўриб чиқилди.

Аниқланишича, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги кадастр агентлигининг 2023 йил 2 май кунидаги рад этиш хабарномаси билан “Dahbet” хусусий корхонасининг мурожаати рад этилган.

Мурожаатни рад этиш асослардан бири сифатида тақдим қилинган туман ҳокимининг қарорининг тегишли бандларида мажбуриятлар юклатилган ҳамда ушбу қарорнинг тасдиғи вилоят ҳокими сўралмаганлиги кўрсатилган.

Ишдаги ҳужжатларга қараганда  Бойсун туман ҳокимининг қайд этилган қарорига кўра Бойсун туман “Мустақиллик” маҳалласи ҳудудидан “Дахбет” кичик корхонаси ҳисобига “Меҳмонхона ва маиший хизмат кўрсатиш нуқтаси” биноси қурилиши учун 0,30га сувли ер майдони доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиб берилган ва ушбу ер майдони учун ҳисобланган 19.243.588 сўм давлат тўлов қоплама қиймати тўлиқ тўлаб берилган.

 Давлат кадастрлар палатаси Бойсун туман филиали томонидан 2023 йил 15 февралда хусусий корхонанинг 3000 кв.метр ер майдонига 1722204/R-A2011000 рақами билан “Ер участкасининг кадастр паспорти” шакллантирилган.

Айни вақтда хусусий корхона ажратилган 3000 кв.метр ер майдонига қарорда кўрсатилган бино ва иншоотларни қуриб битказган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил
29 декабрдаги “Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 1060-сонли қарори билан тасдиқланган Низомнинг
15-бандида кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш учун асос бўлувчи ҳолатлар баён қилинган бўлиб, улар орасида қарорнинг тасдиғи вилоят ҳокимидан сўралмаганлиги асоси билан рад этилиши кўрсатилмаган.

Шунингдек, ушбу бандда кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни бошқа асослар бўйича рад этишга йўл қўйилмаслиги қатъий белгиланган.

Шу боис суднинг 2023 йил 29 май кунги ҳал қилув қарори билан ариза қаноатлантирилиб, жавобгарнинг “Dahbet” хусусий корхонасининг мурожаатига рад жавоби беришда ифодаланган хатти-ҳаракати қонунга хилоф деб топилиб, унинг зиммасига хусусий корхонага Бойсун туман ҳокимининг қайд этилган қарори асосида ажратилган ер майдонини давлат рўйхатидан ўтказиш мажбурияти юклатилган ва айни вақтда ҳал қилув қарорининг ижроси тўлиқ таъминланиб, тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқи тикланган.

 

                                                                                                                                              А. Абдулакимов

Термиз туманлараро маъмурий

судининг раиси

                                              

 

Фойдали ҳаволалар