Сурхондарё вилояти солиқ бошқармасида Ўзбекистон Республикасининг “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2025-йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонуни билан солиқ солиш тартибига киритилган ўзгартишлар мазмун-моҳиятини тадбиркорлар, ОАВ вакиллари ҳамда кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида семинар ташкил этилди.
Унда Солиқ қўмитаси ҳамда вилоят солиқ бошқармаси мутахассислари Солиқ кодексининг 30 дан ортиқ моддасига киритилган ўзгартишлар, солиқ ставкалари, аксиз солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, айланмадан олинадиган солиқ, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ, ер ва мол-мулк солиқлари, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорларни солиққа тортишдаги ўзгаришлар тўғрисида атрофлича маълумот беришди.
2025-йилда асосий солиқлар ставклари ўзгармаганлиги, хусусан, қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) ва фойда солиғи ставкаси 2028-йилнинг 1-январига қадар ўзгаришсиз қолиши таъкидланди.
- Тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида барча нашриёт ва матбаа корхоналари 2025-йил 1-январдан 2029-йил 1-январга қадар фойда солиғидан озод этилади, - дейди Солиқ қўмитаси Департамент бошлиғи Нодир Эркаев. -Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки резидентларига ҚҚСдан ташқари барча солиқларни тўлашдан озод этиш тарзидаги имтиёзлар 2040-йил 1-январга қадар узайтирилади. Шунингдек, 2025-йил 1-февралдан 2040-йил 1-январга қадар экспорт ҳажми 50 фоиздан ортиқ бўлган дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки резидентлари таъсисчиларига дивиденд солиғи 5 фоиз этиб белгиланиб, 2025-йил 1-февралдан 2030-йил 1-январга қадар экспорт ҳажми йилига 10 млн доллардан ошган дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки резидентларига хизмат кўрсатган норезидентлар фойда солиғидан озод этилади.
Семинар давомида айрим солиқ турлари бўйича бекор қилинган имтиёзлар ва ноширлик-матбаа фаолияти, ахборот технологиялари, таълим муассасаларининг ўқувчиларини тадбиркорларга ишга жойлаштириш, ёшларни автомобиль йўлларидаги кўчма савдо объектлари орқали товарларни реализация қилишга жалб этиш, тадбиркорлик субъектлари томонидан кам таъминланган оила аъзоларини ишга қабул қилиш орқали уларни қўллаб-қувватлаш соҳасида берилаётган вақтинчалик солиқ имтиёзлари тўғрисида ҳам батафсил тушунтириш берилди.
Шунингдек, иштирокчиларнинг туроператорлик, меҳмонхона ва умумий овқатланиш хизматларини кўрстувчи тадбиркорлик субъектларига ҚҚСнинг бир қисмини қайтариш, барқарорлик рейтинги, солиқ ҳисоботлари, айланмадан олинадиган солиқнинг қатъий белгиланган ставкаси ва ижара тўловлари билан боғлиқ кўплаб саволларига батафсил жавоблар берилди.