Аҳоли томорқа ерларини суғориш учун чуқурлиги 10 метрдан ортиқ бўлган ҳар бир вертикал қудуқни бурғулаш ва ишга тушириш харажатларига қудуқнинг ҳар бир метр чуқурлиги учун 100 минг сўмдан, бироқ БҲМнинг 50 бараваридан ошмаган миқдорда субсиия ажратилиши Ҳукуматнинг 2020 йил 30 июлдаги 459-сонли қарорида белгилаб қўйилган.
Туманимизнинг “Эзгулик” маҳалласида яшовчи аҳоли томорқадан йилига уч маротаба ҳосил олишга ҳаракат қилади-ю бироқ сув муаммоси борлиги сабабли бу имкониятдан фойдаланишолмасди. Энди эса улар йилига уч марта ҳосил олишадиган бўлди.
Деҳқон Нуриддин Мўминовнинг артизан қудуғини қаздириш борасидаги ташаббуси туман Фермер деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши қўллаб-қувватлаши натижасида Сурхондарё вилояти жамғармасидан 150 млн сўм субсидия ажратилди. Субсидия асосида 165 метр чуқурликдан сув чиқарилиб, худуддаги 30 хонадоннинг томорқасидаги экинлардан сифатли ва мўл ҳосил олинишига эришилди.
Абдувоҳид Абдуллаев 15 сотих томорқасига карам, Ўрол Усмонов 12 сотих, Хожар Улуғназарова ҳам 15 сотихлик томорқасига пиёз экиб, ўз вақтида суғоришмоқда.
-Тўғриси, авваллари томорқамиз бўлсада, сув йўқлиги сабабли ундан самарали фойдалана олмасдик, - дейди Абдувоҳид Абдуллаев. – Бирор бир маҳсулот экиб, деҳқончилик қилишга ҳаракат қилардик, лекин ҳаракатимиз, меҳнатимиз самара бермасди. Мана энди сув муаммоси бартараф этилди. Томорқамизда меҳнат қилиб, йилига уч маротаба ҳосил олиш имкониятига эга бўлдик.