Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгашининг навбатдаги сессиясида референдум ўтказувчи Сурхондарё вилояти округ комиссияси таркибини тасдиқлаш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.
Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2023 йил 10 мартдаги ҳамда Олий Мажлис Сенатининг 14 мартдаги қарорларига мувофиқ “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикасининг референдуми 2023 йил 30 апрель – якшанба куни ўтказилиши белгиланди.
Мазкур қарорлар ва “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси матбуотда чоп этилди. Марказий Сайлов Комиссиясининг Ўзбекистон Республикаси референдумига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ ташкилий масалаларга бағишланган йиғилишида “Ўзбекистон Республикасининг референдумини ўтказувчи референдум округларини тузиш тўғрисида” ги қарори қабул қилинди.
“Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида” ги қонунида референдум ўтказувчи округ комиссиялари аъзолигига номзодлар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларининг мажлисларида муҳокама этилиши белгилаб қўйилган. Шунга кўра, Халқ депутатлари вилоят кенгаши сессиясида референдум ўтказувчи Сурхондарё вилояти округ комиссияси аъзолигига номзодлар муҳокама этилди. Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий тадбирни қонунийлик, очиқлик, холислик, ошкоралик, шаффофлик каби тамойилларга тўла амал қилган ҳолда ташкил этиш учун 21 нафар аъзодан иборат комиссия таркиби тасдиқланди.
Сессияда, шунингдек, вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.