Ассалому алайкум, азиз ҳамюртлар!
Муҳтарам меҳмонлар!
Барчангизни яшариш ва янгиланиш фасли баҳор, ойларнинг султони Рамазон ойи ҳамда инсонлар қалбида эзгу интилишларни уйғотиб, кишига умид ва ишонч, шукроналик туйғуларини бағишлайдиган Наврўз айёми билан муборакбод этаман.
Эзгулик, гўзаллик, ободликни касб этган Наврўз тинчлик, осойишталик, фаровонлик ҳукм сураётган она Ватанимизда яшаётган ҳар бир инсоннинг қалбида яшашга бўлган иштиёқ, эзгу мақсад, ижод-изланиш завқини тортиқ этади.
Шундай улуғ айёмда нуроний отахон ва онажонларимизни, мунис опа-сингилларимизни, тумандаги ташкилот ва корхона раҳбар ходимларини, туманимиз ҳаётида тобора ҳал қилувчи кучга айланиб бораётган ёшларимизни Наврўз байрами билан чин қалбимдан табриклайман.
Азиз дўстлар
Бугун жонажон юртимизга гўзаллик ва нафосат, яшариш ва янгиланиш, меҳр ва оқибат байрами – Наврўз кириб келар экан, дала ва қирларимиз, боғ ва яйловларимиз кўклам ёмғирлари – обираҳматдан баҳраманд бўлиб, бўлғуси мўл ҳосил, қут ва баракадан дарак бермоқда. Ҳар бир инсон ўзининг табиат фарзанди эканини янада чуқур англаётган мана шундай мунаввар айёмга эл-юртимиз билан соғ-омон етганимиз учун, аввало, Яратганимизга беҳад шукроналар айтамиз.
Ҳурматли байрам иштирокчилари!
Биз бугун юртимизда Янги Ўзбекистонни – инсон эркин, озод ва фаровон яшайдиган жамият ва давлатни барпо этиш йўлида фидокорона меҳнат қилмоқдамиз. Янги Ўзбекистон ғояси –халқимизнинг азм-у қарори, унинг ҳаёт мазмунидир. Бу олийжаноб мақсад Наврўзи олам фалсафаси ва қадриятлари билан ғоят уйғун ва ҳамоҳангдир. Инсон қадрини улуғлаш, ҳар бир фуқаронинг ҳақ-ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини амалда таъминлаш, барча шаҳар ва туманлар, олис ва чекка ҳудудлар аҳолиси учун муносиб шароит яратиб бериш, оддий қилиб айтганда, халқимизни рози қилиш – мана, бизнинг бош мақсадимиз.
Шу эзгу йўлда иқтисодиётимиз ва ижтимоий соҳаларни ҳар томонлама ривожлантириш, илм-фан, таълим ва тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат, соғлом турмуш тарзи ва спорт, она табиатни асраш каби йўналишларда бошлаган катта-катта дастурларимизни жадал давом эттирамиз. Ҳаётимизни янада гўзал ва обод қилишда биз мўътабар отахон ва онахонларимиздан, уларнинг доно маслаҳатлари ва дуойи фотиҳаларидан куч-қувват оламиз.
Миллий тараққиётимизни янги босқичга кўтариш йўлида мардона меҳнат қилаётган ҳурматли ака-укаларимиз, азиз опа-сингилларимизга – бутун халқимизга ишонамиз ва таянамиз. Шу қутлуғ айёмда сизларнинг ҳар бирингизга Ватан равнақи йўлида қилаётган муносиб хизматингиз учун қўлимни кўксимга қўйиб, чин юракдан ташаккур билдираман.
Азиз ва муҳтарам ватандошларим!
Барчангизни, бутун халқимизни Наврўз умумхалқ байрами билан яна бир бор табриклайман. Фасли навбаҳор ҳар бир оила, ҳар бир маҳаллага, элу юртимизга тинчлик ва фаровонлик, бахту саодат олиб келсин! Барча эзгу ишларимизда Яратганнинг ўзи мададкор бўлсин! Юртимиз тинч, халқимиз омон бўлсин! Наврўзи олам барчамизга муборак бўлсин!