#Кексалар ҳафталиги доирасида
Оила ўзаро меҳр-муҳаббат, ҳурмат ва тотувлик асосига қурилсагина, ундаги муҳит соғлом бўлади. Бундай оилада вояга етаётган фарзандлар, шубҳасиз, маънавий-руҳий баркамол бўладилар. Зеро, фарзандлару набиралар қуршовида қўша қариш ҳам бир саодат.
Ана шу саодатга эришган Бегимқуловлар оиласидир. Туманимизнинг “Хушчекка” маҳалласида яшовчи Чори Бегимқулов ва Рўзихол Назарова 50 йилдирки, бир-бирига елкадошу суянч бўлган бу инсонларнинг умр йўли, оила аталмиш муқаддас қўрғонни асраб-авайлаб келаётгани ҳозирги кўплаб ёшлар учун ибрат мактабидир, десак муболаға бўлмайди.
Қарийиб қирқ йилдан буён чорвачилик билан шуғулланиб, фарзандларини оқ ювиб оқ тараган, уларни камолоти учун меҳнат қилган Чори ота ва Рўзихол она 7 нафар фарзанди, 25 нафар набираларин бағрида бахтли ҳаёт кечиришмоқда.
-Ватан олдидаги хизмат бурчимни ўтаб келганимдан сўнг, отамдан чўпон таёғини олиб, чўпончилик қилишни бошладим – дейди Чори Бегимқулов. – Мана чорвани ортидан юрганимга ҳам қирқ йил бўлди. Турмуш ўртоғим ҳам ёнимда туриб меҳнат қилди. Сигир соғиб, қўй ҳайдади. Тинч ва осойишта юртимизда фарзандларимиз набираю чевараларимиз бағрида умргузаронлик қиляпмиз. Бу ҳам бир саодатдир.