Ижтимоий тармоқлар орқали "Шўрчи тумани Бахшитепа маҳалласида яшовчи фуқаро Алиёров Ихтиёр ( 1-гуруҳ ногирони) уй-жой учун ер олиш масаласида тўсиқларга дуч келаётганлиги, туман мутасаддиларининг бу ҳолатга эътиборсизлик қилаётганлиги айтилмоқда..." мазмунида қолдирилган хабар юзасидан қўйдагиларни маълум қиламиз.
Шўрчи туманнинг “Бахшитепа” маҳалласида яшовчи фуқаро И. Алиёровга вилоят ёки туман раҳбари томонидан фуқарога ер ажратишнинг амалдаги тартиби тушунтирилиб, “e-auksion.uz” электрон савдо платформасидан якка тартибда уй-жой қуриш учун ер майдони танлаганидан сўнг, ногиронлиги ва оилавий шароити ҳисобга олиниб, уй-жой қурилишига кўмак берилиши маълум қилинган.
Фуқаро И. Алиёровнинг мурожаатини қонуний ҳал қилиш мақсадида туман ҳокими бошчилигида ҳокимнинг капитал қурилиш масалалари бўйича ўринбосари, туман қурилиш бўлими ҳамда маҳалла фаолларидан иборат ишчи гуруҳ мурожаатчининг яшаш манзилига бориб, ҳолатни ўрганишган.
Ўрганишда, фуқаро И. Алиёров сўраган ер майдони ҳудуднинг бош режасига кўра умумфойдаланувдаги техника йўли эканлиги кўрсатиб ўтилганлиги боис ушбу ер майдонида қурилиш қилишнинг, жумладан, якка тартибда уй-жой қуриш шаҳарсозлик ва бош режага зид эканлиги сабабли аукцион савдоларига чиқариш имкони мавжуд эмаслиги тушунтирилган.
Шунингдек, қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган сувли ер майдонлари қурилиш қилиш мақсадида электрон савдоларига чиқарилмаслиги ҳамда фуқаро яшаётган маҳалла ҳудудидаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган 0,42 га ер майдонининг лойиҳа ҳужжатлари тайёрланиб, якка тартибда уй-жой қуриш учун электрон аукционга қўйилаётгани, фуқаронинг розилиги билан мазкур ер майдонининг 4 сотихи белгиланган тартибда аукцион орқали сотиб олиб берилиши ва уй-жой қуриш масаласида кўмак кўрсатилиши тушунтирилган.
Фуқаро И. Алиёров билдирилган таклифни рад этиб, ўзи кўрсатиб ўтган ер майдони ажратилмагунига қадар мурожаатидан қаноатланмаслигини маълум қилган.
Вилоят ҳокимлиги масъуллари маҳалла фаоллари билан биргаликда фуқаронинг яшаш уйига бориб, туман масъуллари томонидан фуқаронинг мурожаати қонун доирасида ўрганиганлиги ва мурожаатчига тўғри ечим таклиф қилинганлигини аниқлашган.
Вилоят ҳокимининг И. Алиёровга уй-жой қурилишига кўмак бериш борасидаги таклифи ўз кучида эканлигини, ер ажратиш масаласида эса, қонунчиликка риоя қилинишини маълум қиламиз.
✍Шўрчи тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати.