Тўрт мучанинг бутлиги, тафаккурнинг равшанлигини ҳис қилиш бахт! Буни чуқур англаган ҳолда ҳар доим фидокорлик билан ишлаш, юқори марраларга интилиш эса чин инсонийлик масъулияти намойишидир. Ўз меҳнати, меҳридан яраладиган гўзалликлар эса бисёр ҳаётда.
Туманимиздаги 125-сонли “Нурли маскан” мактаб интернатида ногиронлиги бўлган болаларга таълим-тарбия бериш, уларга психологик ёрдам кўрсатиш, иқтидор ва салоҳиятини юзага чиқариш, ўзларига ишончни мустаҳкамлаш орқали ҳаётдан ўз ўрнини топишларига кўмаклашиш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
“Нурли маскан” мактаб интернатида иқтидорли ва истеъдодли ўқувчилар жуда кўп. Улардан бири Сабринадир.
Сабрина Рўзиқулова гарчи имконияти чекланган бўлса-да, иқтидорли ёшларимиздан бири. Сариосиё туманида туғилган қизалоқ тақдир синовлари туфайли туманимиздаги 125-сонли “Нурли маскан” мактаб интернатида таҳсил олмоқда. Мактабдаги байрам ва фестиваллар унинг қўшиқларисиз ўтмайди.
Тортиниб, ҳар бир сўзини минг чандон ўйлаб сўзловчи қизалоқ ижросидаги “Бир кам дунё...” сериалидаги саундтреки ва миллий “Мустаҳзод”, “Мастоналар” қўшиғини тинглаб, овозига биз ҳам тасанно айтдик.
– Тўғри, имкониятим чекланган, аммо мен фойдаланадиган сарҳад билмас имтиёзларнинг чегараси йўқ, - дейди Сабрина. - Давлатимиз биз учун ҳамма шароитни яратиб бермоқда. Шунга муносиб равишда, келажакда ватаним ривожига ўз ҳиссамни қўшишни қалбимга туйганман. Мен тайёрлаган чиройли ва ширин пишириқларни одамлар роҳатланиб истеъмол қилиши учун қандолатчи бўлишга аҳд қилдим. Балки, қўшиқчи бўлгандан, бу ҳунарни ўзлаштирсам “Ўзбекистонда тайёрланган” тамғаси билан “Сабр” ширинликларини дунё бўйлаб тарқатармиз.
Сабрина Рўзиқулова 14 ёшда. У болалигидан туғма нуқсони сабаб тенгқурларига қўшилиб ўйнаб-кулолмасди, шу боис кўпроқ опаси Азиза билан бирга мусиқа тинглаш билан овунарди. Болалигидан ёқимли мусиқаларни тинглашни хуш кўрадиган қизалоқ, улғайган сари ўзи ҳам чиройли овозда куйлашни одат қилди. Сабрина ҳаракатчанлиги ва тиришқоқлиги туфайли устозларидан мақом йўналиши бўйича таҳсил олади.
Орзулари осмон қизалоқдан уйдагиларни қачон кўргани, ётоқхонадаги ва мактабдаги шароитлар ҳақида сўраб кўрдик.
– Ҳар чорак якунланганда таътилга чиқиб, ота-онамиз бағрига қайтамиз, – дейди қизалоқ. – Уйга ота-онамни, сингилларимни кўришга бораман, кўчага чиқмайман, тенгдошларим билан ўйнашга уялмайман... лекин уйда китоб ўқиганим маъқул. Ўткир Ҳошимов, Муҳаммад Юсуф, Эркин Воҳидов китобларини мутолаа қилишни ёқтираман. Баъзи ҳикояларни ўқиганда ўйга толсам, баъзан йиғлайман. Эркин Воҳидовнинг “Нидо” номли шеърини ётоқхонада ўқиганимизда негадир ҳаммани кўзига ёш келади. Қолаверса, мақом йўналишидаги қўшиқларни гоҳида завқ, гоҳида алам билан ижро этаман. Баланд овозда ашула айтсам, қалбим қувонади. Айниқса, тингловчиларнинг давомли қарсаги, менга янада завқ, қувонч бағишлайди.
Албатта, ҳар бир инсонда муайян истеъдод мавжуд. У баъзан яширин бўлади. Агар унга эътибор қаратилиб, қанот ёзиши учун имконият яратилса, юксак парвоз қилиши мумкин. Болаларни ўзлари қизиққан иш билан шуғулланиш учун имконият берилса, келажакда албатта, муваффақиятларга эришади. Зеро, инсон қадри улуғланган, истеъдодли ёшлар бахтиёр камол топаётган юртимиз бор. Юртимиз қўллаган истеъдодли ёшларимиз эса юртимиз равнақи, келажаги учун хизмат қилади.
Нигина Шоева
Журналист.