Шўрчи тумани ҳокимлиги расмий сайти

ОИЛА — ҲАЁТ АБАДИЙЛИГИНИ, АВЛОДЛАР БАРДАВОМЛИГИНИ ТАЪМИНЛАЙДИ

# Очиқ мулоқот

      Ҳар бир ота-она ўз фарзандининг бахту - саодатли, маънавий соғлом, истиқболи порлоқ, келажакдаги мустақил ҳаётида ҳам моддий жиҳатдан соғлом  бўлиб яшамоғини орзу қилади ва шу мақсадга эришиш учун бутун умрини, бор-йўғини сарф қилади. Оиладаги coғлoм муҳит ва тўғри тарбия фарзанднинг кейинги оладиган билим ва касб – ҳунарлари  учун пойдевор вазифасини ўтайди. Оиладаги тарбиядан ташқари, болаларимизнинг куча-куйда юриш-туришларига ва кимлар билан алоқа қилаётганига ҳам алоҳида аҳамият бериш даркор.

    Вилоят ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Зулхумор Хидирова ҳамда ҳамкор ташкилот ходимлари иштирокида ўтказилган очиқ мулоқотимиз “Бахтли оила келажак пойдевори” мавзусида бўлди.

    -Оила азал-азалдан муқаддас қўрғон саналган. Инсон оилада дунёга келади, улғайиб камол топади. Энг аввало оила мустаҳкам, тинч бўлса жамият барқарор бўлади. Униб ўсаётган фарзандлар ҳар томонлама баркамол бўлишига имкон яратилади, - дейди З.Хидирова. -Оиланинг жамиятда тутган ўрнини янада ошириш, уни ҳуқуқий, ижтимоий, иқтисодий, маънавий-аҳлоқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, оилада тиббий маданиятни шакллантириш, соғлом оила вужудга келиши учун барча ташкилий-ҳуқуқий шароитларини яратиш бўйича юртимизда тизимли ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Одоб-ахлоқи гўзал, жисмонан ва маънан етук авлодни тарбиялашнинг ягона йўли – барқарор оила қуриш эканини, оилани мустаҳкамламасдан туриб, давлат ва жамият тараққиётига эришиб бўлмаслигини Маҳмудхўжа Беҳбудий, Aбдурауф Фитрат, Aбдулла Aвлоний, Aбдулла Қодирий, Чўлпон, Мунавварқори Aбдурашидхонов сингари маърифатпарварларимиз ҳам алоҳида таъкидлаган. Оила — ҳаёт абадийлигини, авлодлар бардавомлигини таъминлайдиган, миллий қадрият ва анъаналаримизни ўзида мужассам этган муқаддас маскан. У — Ватаннинг бир парчаси. Шу боис оилаларнинг тинчлиги, ҳотиржамлиги, фаровонлиги бутун мамлакатнинг осойишталиги, тараққиёти, тўкинлиги демакдир. Шу боис халқимиз оилаларнинг мустаҳкамлигига, тотувлигига алоҳида эътибор қаратади. Ёшларга эсини таниганиданоқ бу маъвонинг муқаддаслигини англатиш, рўзғор тебратиш тутумларини, сир-асрорларини уқтиришга ҳаракат қилинади. Бироқ таассуфки, ҳаёт пасту баландликлардан иборат. Турмушнинг аччиқ-чучугини тотишганда, баъзан ёш оилалар шошиб қолади. Эр-хотин билиб-билмай нотўғри йўлларга қадам босади, учраган қийинчиликларни енгиб ўтолмай, ўзаро тортишади, бир-бирини ранжитади. Оқибатда оиладан тинчлик, файзу барака кетади. Оиладаги тотувликнинг йўқолишига, ажралишларга аксарият ҳолларда ёшларнинг билимсизлиги, тажрибасизлиги, қизиққонлиги, ҳаётни енгил-елпи тасаввур қилиши сабаб бўлади. Зеро, оила ҳар бир инсон учун бахти ва саодати, орзу ва ҳаваслари, мақсад ва муддаоларини бирлаштирадиган, қувончли ёки мушкул вазиятларда суяна оладиган кичик бир ватан ҳисобланади.

    Албатта, ёш оила вакилларини ҳар томонлама комил, гўзал ҳулқли, мустақил фикр ва дунёқарашга эга, турли салбий одат, иллат ва таъсирлардан ҳоли равишда қўллаб-қувватлашга барчамиз бирдек масъулмиз.

Фойдали ҳаволалар