Сурхондарё вилояти Шўрчи туман судининг сайёр суд мажлисида туман ички ишлар бўлими пробация гуруҳи ҳисобида жазо муддатини ўтаётган 17 нафар маҳкум муддатидан олдин шартли равишда озод қилинди.
“Кўклам” маҳалласида яшовчи Мохира Парпиева жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман судининг 2022 йил 28 мартдаги ҳукмига кўра Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми билан айибли деб топилиб, икки йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Сайёр суд мажлисида унинг меҳнатга ҳалол муносабатда бўлиб, жазо ўташнинг тартиб қоидаларига қатьий амал қилгани, тузалиш йўлига ўтиб, судлар томонидан ўрнатилган тақиқ ва чекловларга тўлиқ риоя этгани, хулқ-атвори яхши томонга ўзгаргани алоҳида эътироф этилди. Туман ички ишлар бўлимининг тақдимномасига асосан, ўталмаган 1 йил 1 ой 25 кун озодликни чеклаш жазосидан муддатидан олдин шартли равишда озод этилди.
Хусниддин Рамазонов жиноят ишлари бўйича Термиз туман судининг 2022 йил 17 январдаги ҳукмига кўра Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми билан айибланиб деб топилиб, икки йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Сайёр судда унинг ҳам белгиланган жазодан тўғри хулоса чиқарганини инобатга олиниб, туман ички ишлар бўлими тақдимномаси қаноатлантирилди. Ўталмаган 11 ой 7 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди.
Жазо муддатидан олдин озод этилган бу каби маҳкумлар билиб-билмай жиноят кўчасига кириб қолганидан пушаймон экани ва содир этган жиноятининг оқибатларини тўлиқ англаб етганини алоҳида эътироф этди. С
–Автомобиль олиб қочиш билан боғлиқ жиноятим учун беш йил муддатга озодликдан махрум этиш жазоси тайинланган эди,–дейди М.Хўжаева – Лекин Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 72-моддасига асосан ҳукум шартли ҳисобланиб, икки йил синов жазоси тайинланди. Бу қилмишимдан чин дилдан пушаймонман. Одил суднинг қарори билан бугун ўталмаган 1 йил 3 ой синов жазосини ўташдан муддатидан илгари озод этилдим. Эндиликда бу ишончни оқлаб, тўғри йўлда халол яшашга интиламан.
Сайёр суд мажлисида жиноятининг оқибатларини тўла англаб, ахлоқан тузалиш йўлига ўтган ва жазодан муддатидан илгари шартли озод этилган маҳкумлар арафа кунлари халқимизга хос бағрикенглик билан қилмишлари кечирилгани учун давлатимизга миннатдорлик билдирди. Жамиятда ўз ўрнини топиб, муносиб хулқ-атворда бўлиш ва юртимиз ривожига ўз ҳиссасини қўшишга қатьий сўз берди.
Нигина Шоева