Юртбошимизнинг «Обод хонадон, обод кўча, обод маҳалла" мезонлари доирасида амалга оширилаётган ташаббус халқимиз томонидан катта хурсандчилик билан кутиб олиниб, қўллаб-қувватланилмоқда.
Шўрчи туманидаги “Бахштепа 1” маҳалласида “Обод хонадон, обод кўча, обод маҳалла” мезонлари татбиқ этилиши кўзда тутилган. Келгусида ушбу мезон доирасида маҳалла қиёфаси тубдан ўзгартирилиб, янгича замонавий кўринишга эга бўлади. Электр, табиий газ, ичимлик суви таъминотидан ташқари тор ва қинғир-қийшиқ кўчалар кенгайтирилиб, асфальт ва шағал ётқизилади.
Аҳоли яшаш хонадонларининг кўркам қиёфа кашф этиши, фаровон турмуш учун барча қулайликларнинг яратилиши фуқароларимиз кўнглида эртанги кунга янада ишонч пайдо қилиши шубҳасиздир.
“Обод кўча”, “Обод маҳалла”, “Обод хонадон” мезонларини жорий қилиш, ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш бўйича кенг кўламдаги амалий ишлар туманимизнинг “Бахштепа-1” маҳалласида ҳам бошлаб юборилди.
Аҳолини ўйлантириб келаётган муаммоларга ўз вақтида ва сифатли ечим топиш мақсадида ишчи гуруҳи вакиллари ҳам бевосита жойларга чиққан холда уйма-уй юриб ўрганишлар олиб бормоқда. Ҳар бир хонадонга эътибор қаратилиб, ошхона тандирхоналарни тартибга келтириш, деворларни ранглаш, дарахтларга шакл бериб, томорқаларни шудгор қилиш, кўчаларни тозалаш каби ишлар хонадон эгалари билан биргаликда амалга оширилмоқда. Шу билан бир қаторда маҳалла ҳудудидаги 19 кўчалардаги муаммолар, ҳудуддаги ижтимоий объектлардаги муаммолар ҳам ўрганилмоқда.
Маҳалла аҳолисининг бандлиги таъминланмоқда
Дастур доирасида туман ҳокими Улуғбек Зокиров ташаббуси билан Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими томонидан, иш билан банд бўлмаган фуқароларни бандлигини таъминлаш мақсадида "Бахштепа-1" маҳалласида бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ўтказилди.
Бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркасига бандлиги таъминланмаган ишсиз ёшлар, хотин-қизлар, ташқи меҳнат миграциясидан, жазо муддатини ўтаб қайтиб келган фуқаролар жалб этилди.
Ярмаркада иштирок этган ишсиз фуқароларнинг 4 нафарига доимий ишга жойлашиши учун йўлланмалар берилди, 12 нафар фуқароларга ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жойлашиши учун йўлланма берилди. 8 нафар фуқарога касбга бепул ўқишга йўлланма берилди.
Имконият ва шароит уйғунлиги
Агар шароитингиз, қўлингизда ҳунарингиз бўлса, уни ривожлантириш, мақсадингизга етишингиз учун юртимизда барча имкониятлар бор. Ёшлигидан турли хилдаги ширинликлар тайёрлашни хуш кўрадиган ва мақсадига етишиш учун ҳаракат қилаётган Шахноза Аъзамова бугун қўли гул пазанда
Туманимизнинг «Бахштепа - 1» маҳалласида яшаётган Шахноза Аъзамова ҳунари ортидан оилада ҳам, жамиятда ҳам ўрнини топган аёллардан.
-Имтиёзли кредит ёрдамида бугун моҳир пазандага айландим, - дейди Шахноза Аъзамова. – 3 нафар шогирдларим билан 10 турдаги ширинликларни тайёрлаяпмиз. Келгусида яна имтиёзли кредит олиб, фаолиятимизни кенгайтириш ниятидамиз. Мақсадимиз амалга ошса, яна 5 нафар маҳалладошимизни иш билан таъминлаймиз.
Албатта, яхши ва эзгу ният мақсад сари чорлайди. Ҳар бир ишини меҳр билан бажараётган Шахнозахон тайёрлаётган миллий ширинликлар маҳалланинг ҳар бир хонадонидаги дастурхонга кўрк бағишлаб турибди десак муболаға бўлмайди.
Сайёр қабул: мурожаатларга ижобий ечим топиш механизми
Жойларга чиқиб, халқ билан учрашиб уларнинг дардига қулоқ тутиш, шу орқали аҳолининг розилигига эришиш ҳар бир раҳбарнинг вазифасига айланган
Вилоят прокурори Садриддин Турдиев бошчилигида туманимиздаги “Бахштепа-1” маҳалласи аҳолисининг мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш мақсадида сайёр қабул ўтказилди. Қабул давомида 110 нафар фуқаролар мурожаат ва таклифлари билан иштирок этишди. 55 нафар фуқаронинг мурожаати ижобий ҳал этилди. Қолган мурожаатлар назоратга олинди.
Сайёр қабулда фуқаролар муаммосини раҳбариятга етказишдан ташқари, маҳаллани янада обод бўлиши учун таклифларини билдиришди. Қабул давомида билдирилган таклифлар, муаммо ва мурожаатлар босқичма босқич ижобий ҳал этилмоқда. Хусусан, “Сарой-2” кўчасига тош-шағал ётқизилган бўлса, “Қорасув” кўчасига 400 метр полетилин труба қувири ўтказилди.
Обод маҳалла озод ва ҳур диёрни гуллатиб-яшнатади
Ободлик кўнгилдан, кўнгилни олишдан, қилган ишларимиз натижаси ва халқ розилигидан бошланади.
Обод маҳалла, шубҳасиз, саришта кўча ва хонадондан бошланади. Давлатимиз раҳбарининг ушбу масалага кўп бора тўхталаётгани боиси ҳам шунда. Зеро, осойишта, аҳил оилалар обод жамиятни барпо этганидек, обод маҳалла озод ва ҳур диёрни гуллатиб-яшнатади.
Туманимиздаги “Бахштепа-1” маҳалласида “Обод хонадон, обод кўча, обод маҳалла” мезонлари жорий этилмоқда.
Сурхондарё вилояти прокурори Садриддин Турдиев маҳалланинг ижтимоий объектлар ва маҳалланинг ички кўчаларини кўздан кечирди. Ва мутасадди раҳбарларга келгусида амалга оширилиши керак бўлган аниқ вазифа ва кўрсатмалар ҳақида тушунчаларни таъкидлаб ўтди.
Қишлоқ аёлининг бир кунини кузатганмисиз?
Қаҳрамонимиз хўроз қичқиришидан аввал уйғонади, тонгда туриб, ҳовли кўчаларни супуради, эрта тонгда очилган дарвоза орқали рўзғорига барака киритади: сигир соғиб, чакки тайёрлайди. Томорқасининг 7 сотихига экилган пиёзлар билан дардлашиб, уларни бегона ўтлардан тозалайди. Фарзандларининг қорнини тўқлайдида, мактабга кузатади. Шириндан шакар таомлар, мазали ширмой нон тайёрлайдиган тандирайвон энг дардкаш жойи. Вақт топдим дегунча, қўни қўшнилари учун кўйлак тикиб, чопон қавийди.
“Бахштепа-1” маҳалласида яшовчи Марҳабо Абдужабборовага ҳамроҳлик қиларканман инсон бир кунда шунча нарсага улгурса бўларкан-да, деб ўйга бордим. Аёлдаги ички энергия, соддалик, ҳечам ҳаётидан нолинмаслик ва табиий қиёфа, самимиятни ҳис қилдириб турадиган суҳбатдошлигига амин бўлдим.
-Эпласанг элакда сув турар, деганларидек рўзғоримиз бутлиги учун ҳаракат қиламан, - дейди М.Абдужабборова. – Меҳнат қилсам, келажакда фарзандларим ҳам меҳнаткаш бўлиб улғаяди. Ҳар томонлама уларга ибрат бўлишга ҳаракат қиламан.
“Бахштепа-1” маҳалласида истиқомат қилаётган аёлларнинг барчаси Марҳабо Абдужабборовага ўхшайди. Аниқроғи у каби меҳнаткаш, рўзғорининг бутлиги, хонадонининг ободлиги, маҳалласини фаровонлиги учун меҳнат қилишади. Меҳнат ортидан эса бахт, қувонч келишини билади.
Сариштали хонадонда барака бўлади
Бунёдкорлик, ободликка интилиш халқимиз қалбига сингиб кетган улуғ маънавий қадриятдир. Туманимиздаги “Бахштепа-1” маҳалласининг ободликка юз тутаётгани, кўркам масканга айланиб, намунавий хонадон ва кўчалар сони ортиб бораётгани бунинг яққол тасдиғидир. Қолаверса, ободонлаштириш ва тозалик ҳар кунлик ҳаётий эҳтиёжимизга айланиб бормоқда.
Ободонлаштириш ва тозалик ҳар кунлик ҳаётий эҳтиёжимизга айланмоқда. Бу хайрли ва эзгу ишлар асло мавсум танламайди. Айниқса, хонадонларни тоза-озода сақлаш, тандиқ ўчоқлар атрофини оқлашда ҳикмат кўп. Зеро, саранжом-сариштали жойда қут-барака бўлади.
Сиз келманг ўзимиз борамиз
“Сиз келманг ўзимиз борамиз” тамойили асосида туманимиздаги “Бахштепа-1” маҳалласида чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди.
Чуқурлаштирилган тиббий кўрикда аниқланган касалликлар бўйича маслаҳат ва даволаниш учун йўлланмалар берилди.
-Тиббий кўрик - инсонлар саломатлигини сақлаш, касалликлар келиб чиқиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида ўтказиладиган тадбир, -дейди шифокор Шуҳрат Эргашев. -Ўз вақтида ўтказиладиган тиббий кўрикнинг аҳамияти шундаки, инсонларнинг доимо соғлигига эътиборли бўлиши ва соғлом бўлиб юриши учун хизмат қилади.
Малакали шифокорлар ётиб қолган беморлар холидан хабар олиб, уларни ҳам тиббий кўрикдан ўтказишди.
“Обод хонадон — обод кўча — обод маҳалла” мезонларини жорий этиш бўйича туманимиздаги “Бахштепа-1” маҳалласида кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари қилинмоқда.
Хусусан, хонадонларни обод қилиш, тандир ўчоқларни оқлаш ва тозалаш ишлари амалга оширилмоқда.
-Албатта, тозалик, озодалик бор жойда файз барака бўлади, - дейди шу маҳаллада яшовчи Наргиза Тоғаева. – Томорқамизнинг 10 сотихига иссиқхона ташкил қилиб лимон кўчатларини экканмиз. Лимон қаторларига эса рўзғоримиз учун турли кўкатлар парвариш қиляпмиз. Мана кўриб турганингиздек, баҳор элчиси бўлган бодомларимиз ҳам гуллаган.
Дарҳақиқат, саришлари ва обод хонадонда ўзгача файз ҳукм суради.
Нигина Шоева
Журналист.