Ўзбекистонда никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун 18 (ўн саккиз) ёш этиб белгиланган. Никоҳ никоҳ тузишни хоҳловчи шахслар бу тўғрида ариза билан мурожаат этган кундан кейин бир ой ўтгач улардан бирининг яшаш жойидаги ФҲДЁ органи томонидан қайд этилади. Узрли сабаблар бўлганда аризачиларнинг илтимосларига кўра бир ойлик муддатни қисқартириши мумкин. Бунда узрли сабабларни тасдиқловчи — болаларининг туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномалари, тиббиёт муассасасининг келиннинг ҳомиладорлиги ҳақидаги маълумотномаси, хизмат сафари тўғрисидаги гувоҳнома ва шу каби ҳужжатлар кўрсатилади.
ФҲДЁ органлари томонидан аризани қабул қилишда тиббий кўрикдан ўтиш учун йўлланма берилади. Никоҳланувчилар ўзлари доимий ёки вақтинча яшайдиган ҳудуддаги поликлиникада тиббий кўрикдан ўтиб, унинг ҳулосаларини ФХДЁга тақдим этишлари керак. 50 ёшгача никоҳ тузувчи шахслар ОИВ-инфекцияси юзасидан тиббий текширувдан мажбуран ўтиши керак. Никоҳланувчи шахсларнинг илтимоси ва отаси ёки онасининг ёзма аризасига кўра никоҳ ота-онасининг ёки улардан бирининг яшаш жойидаги ФҲДЁ органида ҳам қайд этилиши мумкин.
Никоҳни қайд этганлик учун никоҳланувчиларнинг биридан базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 фоизи миқдорида давлат божи ундирилади. Никоҳ тузилгандан кейин бу ҳақида ягона нусхада гувоҳнома берилади. Эр ва хотиннинг паспортларига штамп қўйилади унга тегишли ёзувлар ёзиб қўйилади. Жазони ижро этиш муассасаларида жазони ўтаётган шахслар билан никоҳни қайд этиш шу муассаса жойлашган ҳудуддаги ФҲДЁ органлари томонидан амалга оширилади. Маҳкум билан никоҳни қайд этиш ФҲДЁ органи билан келишилган ҳолда жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти томонидан ажратилган бинода никоҳга кирувчи шахсларнинг иштирокида амалга оширилади. Маҳкум билан никоҳга кирувчи шахсга ФҲДЁ органи томонидан никоҳ қайд этилганлиги ҳақида гувоҳнома берилади.
✍???? Режабгул Гулматова
Туман ФХДЁ бўлими мудираси