Шўрчи тумани ҳокимлиги расмий сайти

МУРОЖААТНОМАСИ

Шўрчи тумани ҳокими ўринбосари,

Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Зулфия Шерованинг

МУРОЖААТНОМАСИ

Ассалому алайкум қадрли оила ва хотин-қизлар қўмитаси тизими масъуллари, ҳурматли жамоатчилик тузилмалари аъзолари, азиз туманимиз аҳли, муҳтарама опа-сингилларимиз!

  Яхши хабардорсиз, Давлатимиз раҳбари томонидан оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, гендер тенглик тамойилларини қарор топтириш, она ва бола соғлигини сақлаш, аёлларни касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш, эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли, дунёга кўрсатсак арзийдиган ислоҳотлар йўналтирилмоқда.

Жорий 2024-йилда ушбу йўналишларда бизнинг туманда ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди. Бироқ, бу ютуқларимиз – камчиликлар ва муаммоларнинг таъсирини етарлича камайтира олмаяпти. Ҳали кўп ишлар бажарилиши, натижаси халқимизни рози ва хурсанд қилиши лозим!

  Оила ва хотин-қизлар қўмитаси тизимдаги барча масъулларга, хотин- қизлар фаоллари, ички ишлар бўлими тизимидаги хотин қизлар масалалари бўйича инспекторлар, маҳаллаларимиздаги катта куч бўлган жамоатчилик тузилмалари, турли комиссиялар аъзолари, жумладан “Оқила аёллар ҳаракати” фаоллари, “Аёл маърифати” жамоатчилик кенгаши аъзолари ва барча-барчага мурожаат қилиб, оила ва хотин-қизлар йўналишидаги муаммоларни бартараф этишга, янги ютуқларга эришиш йўлида янада жипслашишга, масъулиятни чуқур ҳис қилишга чақиради!

Қадрли тизим масъуллари!

  Бугун глобализациянинг совуқ таъсири сабаб атрофимизда тинчлигимизга, қадриятлармизга таҳдид солиб турган муаммолар кўп, жумладан:

Оилавий ажримлар қайд этилаётгани, ажрим ҳолларида асосан аёллар ва болалар жабр кўраётгани;.

Тазйиқ ва зўравонликка учраётган хотин-қизларимиз, ёш келинчакларимиз масъул ташкилотларга эмас, ижтимоий тармоқларга кўпроқ суянаётгани;

Эрта турмуш, эрта туғруқ, қариндошлар ўртасидаги никоҳ каби иллатларни олдини олиш ишлари лозим даражада олиб борилмаётгани;

Ишсизлик, даромад камлиги сабаб юртдошларимиз хорижий давлатларга кетиши, яъни миграция оқибатида оила бирдамлигига путур етаётгани;

Маҳалла “еттилиги” баъзи ҳолларда аҳоли муаммоларини ўзаро жипсликда ҳал этишга эриша олмаётгани сабаб, аҳоли мурожаатларининг ортиб бораётгани каби ҳолатлар афсуски, бор гап!

Шу боисдан Бош вазир ўринбосари-оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайхо Махкамова тизим масъуллари олдига “Келаётган 2025 йилда биз қандай ҳаракат қилсак, натижаларимиз самарали, юқоридаги каби муаммоларимиз камроқ бўлади?” деган ҳақли саволни қўйдилар.

Азизлар!

Мен оила ва хотин-қизлар қўмитасининг Сурхондарё вилояти Шўрчи туманидаги етакчиси сифатида барча масъулларимизни, ёрдамчи жамоатчилик кучларимизни, шунингдек, азиз халқимизни, аёлларимизни йўл қўйилган камчиликларни таҳлил этиб, истиқболдаги вазифаларни белгилаб олишга чақираман!

Биз жипслашиб, бирлашиб шундай ҳамкорлик ўрнатайликки, бирорта аёл эътиборсиз қолмасин! Бирор бир аёл тазйиқ ва зўравонликдан жабр чекмасин! Қизларимиз, аёлларимиз зулмга кўнмасликка, жамиятга, масъул ташкилотларга суянишга ўргансинлар!

Ҳар бир фуқаромиз, айниқса аёлларимиз муаммоларини “маҳалла еттилиги” ечиб беришига ишона олсинлар!

Шундай фидойилик билан иш юритайликки, муҳтарам Президентимизнинг инсонни, оилани асраш борасидаги ислоҳотлари рўёбга чиқсин! Яъни, ажрим ёқасига келиб қолиб, атрофдан нажот кутаётган оилалар, бир-биридан юз ўгираётган яқинлар ўртасидаги узилай деб турган ришталар қайта боғлансин!

Бизнинг фаолиятимиз оилавий ажримлардан жабр чекаётган фарзандларимизнинг жажжи юракчаларига малҳам бўлсин! Ота ё онасини танлолмай суд залларида биз катталардан нажот кутиб турган фарзандларимиз тақдирига тамға босмасликка, юртимизда соғлом, ибратли, зиёли оилалар кўпайишига ҳисса бўлиб қўшилсин!

Давлатимиз Раҳбари айтганларидек, ўғил-қизларимизни жисмоний ва маънавий баркамол этиб тарбиялаш, уларни миллий ғурур, Ватанга муҳаббат, умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида вояга етказиш барчамизнинг асосий бурчимизга айлансин!

Биз маънавий тарбия ишларини энди мутлақо янгича усулларда, аввало оиладан, маҳалладан бошлайлик ва бу йўлда “Эзгулик – шиоримиз, маърифат – қуролимиз” деган ғоя йўлчи юлдузимиз бўлсин!

Бизнинг хонадонларга кириб боришимиз, ўз вазифамизни ситқидилдан бажаришимиз натижасида азиз опа-сингилларимиз, оилада фарзанд тарбиясида етакчи бўлиб, ўқитувчи ва мураббийлар билан кўпроқ мулоқот қилиб, фарзанд ва набираларимизнинг ўқиши, давомати масаласи, ахлоқ-одоби билан қизиқсинлар!

Бизнинг тарғибот ишларимиз натижасида муҳтарама опа-сингилларимиз, дуогўй онахонларимиз ўзларининг масъулияти – айнан тарбия масаласида яққол намоён бўлишини англаб етсинлар!

Ҳурматли ҳамкасблар, Қадрли юртдошлар!

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси тизими, хусусан Шўрчи туманининг бугунги ҳисобот йиғилишида барчангизни келаётган 2025 йилда:

 Давлат раҳбарининг 2024 йил ноябрь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг биринчи мажлисларида сўзлаган нутқларидаги ғояларни ҳаётга тадбиқ этишга;

2025-йилда амалга ошириладиган устувор йўналишларни аниқ ва реал белгилаб, барча вазифаларни оғишмасдан фидойилик билан адо этишга;

Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг яқин ҳамкорларига, тарғиботчиларига, ёрдамчиларига айланиб, улкан натижаларга эришишга чорлаб қоламан!

Тизим ва унинг ҳамкорлари, ёрдамчи кучлари номидан ишонтириб айтаманки, 2025 йилда Шўрчи туманидаги ҳар бир аёл бахту саодати, ҳар бир оила фаровонлиги, фарзандларимиз таълими учун курашамиз!

Оила ва аёл-қизларимизнинг турмуш тарзини яхшилаш, оиласи бағрида ҳузур-ҳаловатли яшаши учун йўналтирилган ҳар бир ислоҳотни, топшириқни ситқидилдан сифатли бажарамиз!

Барчани эзгу мақсад йўлида янада яқинроқ бирлашишга, халқимиз фаровонлиги йўлида жипслашишга, фидойи бўлишга чорлайман!

Эътиборингиз учун раҳмат!

Фойдали ҳаволалар