#Очиқ мулоқот
Қайси бир тадбирга борманг, мусиқа овози, жозибали рақс эътиборингизни тортади. Гўзал таронага ўзимиз ҳам жўр бўламиз. Айниқса, саҳнага “Булбулигўё” фолклор-этнографик халқ ансамбли чиққанда, улар ижросида урф-одатларимиз ва миллий қўшиқларимизни тараннум этилгани, шу ижрога мос саҳна кўринишларини томоа қилсак, қалбимизда ажиб бир туйғу жўш уради.
Туман Маданият бўлими раҳбари Ихтиёр Нуралиев ва ходимлари иштирокида ўтказилган очиқ мулоқотимизда “Маданият марказлари фаолиятини такомиллаштириш ва улар томонидан аҳолига маданий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, шунингдек, уларнинг моддий-техника базасини яхшилаш борасидаги ишлар” юзасидан суҳбатлашдик.
Туманимиздаги Маданият бўлими тасарруфида 57-сон маданият маркази, “Бахштепа”, “Ободон”, “Серғайрат”, “Омон ёр” ва “Гўзал” маданият марказлари фаолият юритиб келмоқда. Ушбу марказларнинг ҳар бирида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида тўгараклар фаолият юритиб келмоқда.
-Маданият бўлимимизда меҳнат қилаётган ҳар бир ходим ўз вазифасида масъулият билан ёндошади, - дейди Маданият бўлими раҳбари Ихтиёр Нуралиев. – Саналарга боғлиқ тадбирлар билан бир қаторда туманимизда ўтказилаётган бошқа тадбирларда ҳам ходимларимиз фаол иштикро этишмоқда. Хусусан, Алишер Навоий, Заҳириддин Мухаммад Бобур, таваллудига бағишланган маданий –маърифий тадбирлар ўтказилган. Марказларимизда тажрибали, санъат соҳасида қатор ютуқ ва мукофотларга эга бўлган ходимлари астойдил меҳнат қилишмоқда. Уларнинг самарали фаолият юритишлари учун зарур шароитлар яратилган. Маданият соҳасини ривожлантириш, аҳолига маданий хизмат кўрсатишга алоҳида аҳамият берилмоқда. Яқиндагина “Булбулигўё” фолклор-этнографик халқ ансамбли Сирдарё вилоятида бўлиб ўтадиган “Халқаро бахшичилик санъати фестивали” да фаол иштирко этишди. Ходимларимизнинг меҳнати муносиб баҳоланаётгани бизни янада кўпроқ меҳнат қилишга ундайди. “Чанқовуз” халқ хаваскорлик ансамбли бадиий раҳбари Рўзихол Маматқулова “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Ўзбекистон телевидениясининг “Ойдин ҳаёт “ кўрсатувида “Булбулигўё” фолклор-этнографик халқ ансамбли иштирок этиб, миллий куй–қўшиқлар ва қадимий урф-одатларимизга бағишланган саҳна кўринишларини намоён этишгани бизни янада меҳнат қилишга ундайди.
Албатта, соҳа ходимлари ўз вазифаларига масъулит билан ёндошишаётгани, астойдил меҳнат қилишаётгани айни ҳақиқатдир.