Имтиёзлик кредит ёрдамида паррандачилик тармиоғини ривожлантираётган Мусурмон Йўлдошев бедана боқиш сирларини ҳам ўзлаштирмоқда. “Шалдироқ” маҳалласининг ҳоким ёрдамчиси Аҳлиддин Холматовнинг айтишича, маҳаллада паррандачиликни ривожлантиришни мақсад қилганлар тадбиркорлик фаолиятини бошламоқда.
Дарҳақиқат, парранда — етти хазинанинг бири. Бу хазина хонадонингиз бир бурчагидан туриб, оилангиз бюджетига яхшигина даромад келтириши мумкин. Унга эришиш учун эса сиздан хоҳиш ва истак бўлса бўлди. Тиббиёт мутахассисларининг таъкидлашича, инсон соғлом бўлиши учун бир йилда ўртача 10 килограмм парранда гўшти ва 100 дан ортиқ тухум истеъмол қилиши зарур. Чунки улар парҳез маҳсулотлари ҳисобланиб, инсон организми учун жуда фойдалидир.
-Паррандачилик нозик, шу билан бирга сердаромад соҳа ҳисобланади, - дейди тадбиркор Даврон Пирматов. -Парранда учун баҳор ва ёз фасллари ғоят қулай шароит ҳисобланади. Биз парвариш қилаётган бройлер — тез етиладиган гўштдор жўжа. Унинг гўштидан асосан парҳез таомлар тайёрланади. Бройлер гўшти олиш учун жўжа қисқа муддатда етарли даражада семиртирилади. Меҳнатимиз орқали 45 кунда яхшигина даромадга эга бўламиз.