Шўрчи тумани ҳокимлиги расмий сайти

Меҳнатдан келса бойлик....

Қиш фасли –иш фасли

Сурхондарё серҳосил экин майдонларига, ёзу қишда ҳам деҳқончилик учун қулай шароитга эга вилоят. Дала-даштига хивични қадаб қўйса, кўкариб кетадиган бетакрор воҳа.  

Мамлакатимизда томорқа ер эгаларига яратилаётган шароитлар воҳада иссиқхоначиликни ривожлантириб, йилнинг тўрт фаслида ҳам бозорларимизни янада серфайз, арзон, дастурхонларимизни тўкин қилишга қулай муҳит яратди. Содда қилиб айтганда, ҳовлисида мўъжазгина томорқаси, ариғида суви бор уддабурон деҳқоннинг “кетмони учадиган” давр келди.  

Туманимиздаги “Сауртепа” маҳалласидаги фуқароларнинг ҳар бири “Меҳнатдан келса бойлик, турмуш бўлар чиройлик” шиори асосида яшайди десак муболаға бўлмайди.

Маҳалладаги хонадонларнинг ҳар иккитадан биттасида иссиқхона мавжуд. Аҳоли томорқадан самарали фойдаланиб, деҳқончилик ҳадисини олган фуқаролар яхшигина даромад олишмоқда.

Бахтиёр Ғуломов томорқасининг 5 сотихига иссиқхона ташкил этиб, қулупнай етиштирмоқда.

-Авваллари иссиқхонамизда помидор, бодринг етиштирардик, - дейди Б.Ғуломов. -Бу йил сердаромад қулупнай кўчатларини экдим. Меҳнати кам, даромади кўпроқ бўлган қулупнай кўчатини бир марта эксангиз, уч йилгача ҳосил олиш мумкин. Ҳозир ҳар беш кунда 9-10 килограм ҳосилни йиғиб, бозорга олиб чиқяпмиз. Даромадимиз ҳам ўзига яраша.  

Мамлакатимизда иссиқхона ташкил этмоқчи бўлган деҳқонларга имтиёзли кредит маблағлари ажратилаётгани шу пайтгача хорижда меҳнат қилиб юрган айрим юртдошларимизни оила бағрига қайтармоқда. Четда ишлаш билан томорқасида йил ўн икки ой меҳнат қилишни тошу тарозига қўйиб кўраётган баъзи юртдошларимиз иссиқхоначиликни танлаётир. Чунки, ўз уйида, тағинам оиласи, қавму қариндошлари кўз ўнгида озиқ-овқат экинларини парваришлаб, чет элдагидан кам даромад топмаяпти.

Аслида билганга томорқа кони фойда. Тўғриси, илгари кўпчилик бунга эътибор бермасди. Баъзи хонадонлардаги ерларнинг ўт босиб ётиши ҳам сир эмасди. Энди эса томорқасида иссиқхона ташкил қилиб, даромад олаётганлар етарлича топилади.

– Билганга томорқа кони фойда,– дейди шу ерлик Хўшбоқ Абдувоитов– Ерга меҳр бериб, ишлов берилса, дастурхон тўкин, рўзғор обод бўлади. Катта бир рўзғорни бемалол тебратади. Томорқадаги меҳнатимизга яраша олаётган даромадимиздан тўйлар қиляпмиз, фарзандларимизни ўқитяпмиз. Йиллик даромадимиз чакки эмас. 40-50 млн.сўмгача боради. Агар томорқа бўлмаганида, шунча пулни қаердан топардик.

Дарҳақиқат, деҳқончиликнинг ҳадисини олган сауртепаликлар фурсатни қўлдан бой бермай, кафтдек ерни ҳам бўш қолдирмасдан, экин экиш, ниҳол қадаш, умуман ердан унумли фойдаланиш турмуш фаровонлигининг мустаҳкам пойдеворини яратишмоқда.

 

Нигина Шоева

журналист.

Фойдали ҳаволалар