Шўрчи тумани ҳокимлиги расмий сайти

Матонат ва жасорат тимсоли

Ватан тинчлиги, халқ осойишталиги учун майдонда куч синашган инсон борки, унинг тимсолида матонат, жасорат, ватанпарварлик намоён бўлади.

...Раҳмонберди бобо Мирзараҳимов урушга отланганида эндигина 18 ёшни қаршилаган эди. Ўқчи полкида хизмат қилган отахон жанг майдонларида ғанимга қарши мардонавор кураш олиб борди. Беларусь, Латвия ва Литва каби давлатларни босқинчилардан ҳимоя қилишда иштирок этиб, Берлин остонасида ғалабани нишонлади.  

– Уруш бошланганида икки акамни олиб кетишди, – дейди бобо. –Урушга ёшга эмас, бўйга қараб, олиб кетишарди. Ёш бўлсада, бўйи узун бўлганларни урушга “-Урушга борасан” дерди. Акаларимни чақиришгани раҳматли ота-онам уларни кўз ёши билан урушга кузатиб қўйган эди. Шундан сўнг улар қайтмади. Бу жигарларим билан сўнгги кўришувимиз бўлиб қолди.  Бу ҳолат отамнинг ҳам, онамнинг ҳам белини букди. Онам қишин-ёзин гоҳ эшикдан, гоҳо деразадан мўралаб, акаларимни кутарди. Кўп ўтмай менга ҳам урушга чақирув хати келди…

Раҳмонберди бобо хонадонига келганлар билан қуюқ сўрашди. Дилдан суҳбатлашди. Гоҳ кулиб, гоҳ йиғлаб ёшлик йилларини ёдга олди.

Отахонни жим кузатиб турар эканмиз, зийраклиги, хотирасига ҳавасимиз келди. Бир пас ўйга толиб турдию, жанг майдонларини  эслай бошлади. Окопларда кечган қўрқинчли, оғир кунларни эсга олди. Душман билан жангга киришган лаҳзаларни ипга мунчоқ ўтказгандек ҳикоя қилиб берди.

– Урушнинг номи ўчсин, болаларим. Ҳамиша дунёда тинчлик бўлсин! Кўп ўқинглар. Ватанга муносиб фарзанд бўлиб улғайинглар. Ота-оналарингиз сизлар билан фахрланиб юрсин...!

Айни пайтда 2 фарзанднинг отаси, 8 невара ва 14 чеваранинг суюкли бобоси эл эъзозида. Хонадони у кишидан ҳол-аҳвол сўраш, қизиқарли гурунгларига шерик бўлиш учун келган ёшу кексалар билан тўлади. Отахон уруш тугагач, кўп йиллар механизатор бўлиб ишлади. Хизматлари давлат мукофотлари билан тақдирланди.  

Фойдали ҳаволалар