Шўрчи тумани ҳокимлиги расмий сайти

Маънавият сектори - меҳр-оқибат туйғуларини кучайтиришга хизмат қилади...ми?

 

...Ўғлим дарсларингни тайёрлаб бўлган бўлсанг, энди бориб молларга сув бериб, томорқадаги ўтинларни йиғиштириб ол. Тағин ёмғир ёғиб, ҳаммаси ҳўл бўлиб кетмасин. Ўзи об-ҳаво ҳам айниб, шамол бўляпти. Ҳадемай ёмғир ҳам ёғса керак.

 

Дарсларини тайёрлаган Алишер мактаб қошида ташкил этилган маънавият секторига бориб, синфдошлари билан заковат ўйинида иштирок этишни режалаштирганди. Энди эса...

 

Айтилган барча юмушларни сидқидилдан бажарган Алишер мактабдаги “Маънавият сектори”га бориш учун онасидан изн сўради.

 

...Ўзи ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлсак, сектор-пекторда нима қиласан. Ана уйимизнинг ёнидаги столбалар қийшайиб ётибди, ичимлик сувини бир кўча наридан ташиб келсак. Муаммога муаммо қўшиб секторда нима қиласан. Ўзи шу ўқишингни ҳам йиғиштириб, молларга қараганинг фойдами дейманда ўғлим.

 

-Бу нима деганингиз ойи. Дадамдек шифокор бўлиш орзусида эканлигимни биласизку. Мактабни тамомлаб, олийгоҳда таҳсил олишни истайман. Маънавият сектори сиз ўйлаётган муаммоли жой эмас, аксинча дунёқаришимизни ошиши учун китоблар, газета-журналлар жамланмаси йиғилган, заковат, шахмат-шашка ўйнайдиган манзил. Ойи қолаверса, ҳаёт фақат муаммолар гирдобида қолиб нолишдан иборат эмаску. Сиз айтаётган муаммолар аввал ҳам бўлган, бундан кейин ҳам бўлади. Фақат шу муаммоларни дунёқарашимизнинг ошиши, маънавиятимизни юксалиши натижасида бартараф этилишига эришамиз. Ҳар доим ҳам сизнинг айтганингиз бўлавермайди-ку ойи. Кўпи билан 4 ойда мактабни тамомлайман. Ўқишим, билиб олиб жамиятга наф келтириш мумкин бўлиб турган бир вақтда айтаётган гапингизни қаранг. Кўчамиз лой, темир битон йўқ, сувни узоқдан олиб келиш, отангни ойлик маоши етмайди... шу масалалар ҳақида гапирганингиз гапирган. Сизнинг ёшлигингизда ҳам шу муаммолар бўлганку. Балки бундан баттари ҳам бўлгандир. Муаммолар гирдобида қолгандан кўра, ўқиш, билиб олиб, маънавий дунёқарашни ошириш, яхши яшаш учун ҳаракат қилиш керак. Ўзи бирор марта ҳаётингиздан, бизнинг борлигимиздан хурсанд бўлганмисиз ойи.     

 

...Аёл узоқ ўйланди. Ўғли айтганидек, хурсанд бўлган кунини эслолмади. Қачон қарама рўзғордаги камчиликлар, кўчанинг лойлиги, симёғочларнинг алмаштирилиши ёйинки ҳокимият эшигига бориб, кимларнингдир муаммосини “дастурхон” қилиб келган вақтларни эсладию ўзи атрофдагиларга қилган яхшилигини, фарзандлари, оиласи даврасида шоду хурсанд бўлиб гаплашганини эслолмади. Буни қарангки, бирор марта фарзандларининг туғилган кунида дастурхон ёзиб байрам қилганини, улар учун муносиб совға олганини ҳам эслолмади. 

 

Маънавият инсонлар қалбида эзгу фазилатни уйғотади

 

...Ўғли билан яқиндагина ташкил этилган “Маънавият сектори”га келган аёл илк маротаба завқ билан газета мутолаа қилди. Маърифат, маънавият, илм фан тараққиёти учун хизмат қилган жадидларимиз ҳақидаги суҳбатга қулоқ солди. “Заковат” клубида аъзо бўлганлар иштирокида ўйинни хурсанчилик билан томоша қилди. Ўғлининг бир нечта саволларга тўғри жавоб беролганига гувоҳ бўлиб, фарзандини алқади. Шу пайтгача, ташвишлар муаммолар гирдобига қолиб, маънавият аталмиш гўзал “боғ” узра сайр қилмаганидан афсусланди. Бундан кейин ўғлини бу масканга келиши, илм-фанга ошно бўлишдек мақсадига тўғаноқ бўлмаслик учун ҳаракат қилишни қалбига тугиб қўйди.

Албатта, маънавият ҳамиша, ҳамма замонларда, аввало, инсон камолотига, одамлар қалбида эзгу фазилатларни ривожлантиришга хизмат қилиб келган.

Энг муҳими, жамият ҳаётини янги эзгу ғоялар билан бойитиб, халқнинг бирдамлиги ва ҳамжиҳатлигига асосланган янги маънавий-руҳий маконни яратишда маънавият катта куч бўла олган.

Юртбошимиз воҳамизга ташрифи давомида яъни 2023 йил 16-17 ноябрь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Маънавият ва маърифат Кенгашларининг ишчи тузилмаси сифатида ҳудудлардаги тўртта секторга қўшимча бешинчи –  “Маънавият сектори”ни ташкил қилиш бўйича таклиф билдирган эди.

“Маънавият сектори”нинг ташкил қилиниши,  аниқроғи секторнинг “Сурхондарё тажрибаси”ни яратиш вазифаси белгилаб берилгани кўплаб тизимларда маънавият қиёфасини янгилаш, маънавият сектори негизида китобхонликни тарғиб қилиш, спорт, санъат ва маданият йўналишларини ҳаракатга келтирди десак муболаға бўлмайди. .

Шу ўринда таъкидлаш жойишки, худудларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, боқимандалик кайфиятини йўқотиш, мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли бунёдкорлик ишларини халқимизга етказиш, энг олий неъмат бўлган мустақиллик ва тинчликни қадрлаш, шукроналик тўйғуларини шакллантириш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Шўрчи туманидаги умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим ташкилотлари ва ташкилотлар қошида “Маънавият сектори” ташкил этилиб, аҳоли, айниқса ёшларнинг севимли масканига айланмоқда.

-Маънавият секторини ташкил қилиш, ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш билан бирга, аҳолини китобхонликка жалб этиш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, маданият ва санъатга ошно қилиш, унутилиб кетилаётган миллий қадриятларимиз ва анъаналаримизни оммалаштириш ҳамда халқимиз орасида меҳр-оқибат туйғуларини кучайтириш каби бир қатор муҳим вазифаларни мақсадга айлантирди, - дейди Абу Али Ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникуми директори Икром Саидов. - Ўқувчи ёшларни, шу билан биргаликда техникумимизда меҳнат қилаётган ўқитувчи педагогларнинг ҳам китоб ўқишга, маърифатпарвар аждодларимиз ҳақидаги ўгитларни ва уларнинг ижод намуналарини яна бир карра ўзлаштиришлари учун "Маънавият сектори"ни ўрни аҳамиятлидир. Китоблар, қадимий урф-одат ва анъаналаримиздан сабоқ берувчи кўргазмаларни ўзида жамлаётган маънавият секторлари келгусида барчамиз учун севимли масканга айланади. Сектор негизида “Китобхон дўст”, “Спорт дўстлик гарови”, “Заковат” клублари ташкил этилгани, ўқувчиларимизни фаолликка, ташаббускорликка ундамоқда.

Албатта, маънавият - туганмас руҳий қувватдир, у билан кўнгил чироқлари, тафаккур қандиллари ёнади. У бор жой одамийлик, инсонийлик зиёси билан чароғон бўлади. Зеро, маънавият бошқа соҳалардан ўн қадам олдинда юриши, янги кучга, янги ҳаракатга айланиши шарт. Бу борада  тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

 

Нигина Шоева

журналист.

 

Фойдали ҳаволалар