Шўрчи тумани ҳокимлиги расмий сайти

Маъмурий судда ишларини юритишдаги янги қонунчилик

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини оширишга, жамиятда ижтимоий фаровонликни таъминлашга қаратилган ислоҳотлар тизимда доимий ўзгаришларни талаб этади. Негаки, ривожланиш доим қулайликлар яратиш, имкониятларни ошириш билан бирга кечади. 

Суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган изланишлар, суд қарорларини қайта кўриш институтининг таҳлили мазкур институтни такомиллаштириш орқали амалдаги тартибни қайта кўриб чиқиш зарурлигини кўрсатди.

Хусусан 2023 йил 25 декабрда Ўзбекистон Республикасининг “Суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ-889-сон Қонуни қабул қилиниши соҳада олиб борилаётган айни ислоҳотлар натижасидир.

Ишонч билан айтишимиз мумкинки, ушбу қонун қабул қилиниши маъмурий суд ишларини юритишда фуқароларнинг олис ҳудудлардан судга келиб сарсон бўлишининг олдини олишга, ишларни кўришнинг ўта марказлаштирилишига барҳам беришга қаратилгандир.

Мазкур қонунчиликдаги янглик вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судларда ишлар апелляция ёки кассация ва тафтиш тартибида кўрилишини, ишлар тафтиш тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатида ва алоҳида ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатида кўрилишини ҳамда юқори инстанция судлари томонидан ишларни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юбориш тартиби бекор қилинишини, шунингдек ерга оид ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ ишларни маъмурий судлар томонидан кўришда прокурор иштирок этиши шартлигини назарда тутутади.

Ушбу қонуннинг яна бир ижтимоий аҳамияти шундаки, мазкур қонун фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида назарда тутилган суд орқали ҳимоя қилиниш ва судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатларини янада оширишга, уларнинг бузилган ҳуқуқлари ва эркинликларини, шунингдек қонуний манфаатларини кенгроқ ҳимоя қилишга, одил судловга эришиш даражасини янада оширишга, ишларнинг сифатли ва ўз вақтида кўрилишига, суд қарорларини қайта кўришда ўрта бўғин — вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар имкониятларидан самарали фойдаланишга, шунингдек фуқароларнинг судлардаги ортиқча харажатлари тежалишига хизмат қилади.

     

 А.Абдулакимов                                   

Термиз туманлараро маъмурий судининг раиси

Фойдали ҳаволалар