Sho'rchi tumani hokimligi rasmiy sayti

Қўл остингизда ҳарфлар «мажруҳ» бўлиб қолмасин

 

Бежизга бундан беш аср илгари Алишер Навоий бобомиз «Тилга эътиборсиз - элга эътиборсиз» дея ёзмаган. Аммо бугун Алишер Навоийнинг бу ибораларини бироз унутгандекмиз.

Қадринг баланд бўлсин, она тилим

Гарчи зуғум қилганларни ёқтирмадим,

Шеър ёздиму бўлак ишни қотирмадим.

Тилим туриб ўз тилимда гапирмадим,

Бир эсласам эзилади бағри-дилим,

Она тилим, кечир мени, она тилим.

 

Севимли шоирим Муҳаммад Юсуфнинг шу шеърини 5 ёшли ўғлимга ёдлатаётганимда, ўғлимнинг «Ойижон, она тили нима ўзи. Ундан нега кечирим сўраяпмиз. У ҳам одамми?!» дея сўраб қолди. Тўғриси, аввалига ўғлимнинг саволларига жавоб тополмай каловланиб қолдим. Кутилмаганда, кутмаган инсонингиз томонидан бериладиган савол кишини бироз шошириб қўяркан.

- Ўғлим, ҳар бир инсон дунёга келар экан, унинг меҳрибон ота-онаси бўлгани сингари, ўзлигини англатиб турувчи она тили бўлади. Ана шу она тилида сўзлашиб, ўз тилини мадҳ этувчи шеърлар, қўшиқлар ёзади. Она тилини мукаммал ўрганади, кўз қорачиғидек асраб авайлайди. Уни ҳимоя қилади. Яшаб турган Ватанини, уйини қанчалик қадрласа, она тилини ундан ҳам кўпроқ қадрлайди. Гард юқишга йўл қўймайди.

Ўғлим гапларимдан нималарнидир тушунгандай «Ҳмммм» деганча бош ирғаб қўйди. Аммо, ўзим ўйланиб қолдим. Она тилимизни қай даражада асраб авайлаб, ҳимоя қиляпмиз. Ота-боболаримиздан мерос бўлиб қолган соф она тилимизни ҳимоя қилиб ололяпмизми? Унинг қадрига етяпмизми?! Бу савол ҳар биримизни юрак торларимизни чертиб, қалбдан ўйлашга, фикрлашга ундайди албатта.

Ватанимиз мустақилликка эришгач она тилимиз ўзининг ҳақиқий ўрни ва мавқеига эга бўлди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилди. Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили тўғрисида»ги қонунининг қабул қилиниши она тилимизнинг тараққиёти, ривожланиши ҳамда ўзига хос ва бой бисотини намойиш этишга кенг имконият яратди. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг байроғи, герби, мадҳияси, конституцияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас тимсолларидан бирига айланди.

Ўзбек тили дунёдаги қадимий, гўзал ва бой тиллардан бири ҳисобланади. Тилнинг беқиёс имкониятлари қадимги тошбитикларда, халқимизнинг замонлар синовидан ўтиб келаётган мақол ва ҳикматли сўзлари, бетакрор иборалари, достонларида, шоир ва ёзувчиларимиз асарларида яққол кўриш мумкин. Маҳмуд Қошғарийнинг «Девони луғатит турк» китоби, Аҳмад Яссавийнинг ҳикматлари, Алишер Навоийнинг «Хамса»си, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома»си, Абдулла Қодирийнинг бетакрор романлари, Чўлпон, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуфларнинг ўтли шеърияти она тилимизда ёзилган бебаҳо дурдоналардир. Тилимиздаги ҳаё, ибо, андиша, орият, меҳр-оқибат сўзларини бошқа тилга айнан таржима қилиб бўлмайди. Ўзбек тилининг ривожида сўз мулкининг султони Алишер Навоийнинг хизматлари беқиёсдир. Ҳазрат Навоий тил ҳақида шундай ёзадилар: «Кўнгил хазинасининг қулфи тилдир. Ул хазинанинг калитидин сўз бил».

Ўз она тилимизга бўлган муҳаббатни халқимизнинг, одамларнинг самимий суҳбатларида, юксак ахлоқий фазилатларида кўриб, беихтиёр шундай эл фарзанди эканлигимиздан фахрланамиз. Зеро, тил - инсон қиёфаси ва ички гўзаллигини намоён этадиган энг гўзал туйғудир. Ўз тилига меҳр-муҳаббатли инсон халқини, Ватанини, миллий қадриятларини, маданий меросини ҳам эъзозлайди. Бежизга бундан беш аср илгари Алишер Навоий бобомиз «Тилга эътиборсиз - элга эътиборсиз» дея ёзмаган.

Аммо бугун Алишер Навоийнинг бу ибораларини бироз унутгандекмиз. Ҳамюртларимизнинг саводхонлик масаласига эътиборсизлик қилаётгани киши дилини хира қилади. Ташкилот, муассаса ва корхоналар томонидан чиқарилаётган хат-хабарлардаги имло хатолар ҳам уларни қизиқтирмайди гўё. Яқинда бир ташкилот томонидан ўтказилган тадбирни ёритиш учун қўлимга пресс-релиз беришди. Тўғриси, қўлимга тутқазилган бир энлик маълумотнинг биргина абзацдаги хатоларнинг маржон мисоли терилиб турганидан жумлаларга сиз ҳам бир эътибор беринг: «Тумнамига амлга иширилгани ишлор хақда малумот берса мутуҳасисилар хаммаси хақда хабр беради». Назаримда «Туманимизда амалга оширилган бунёдкорлик ишлар хусусида мутахассислар маълумот беришади» демоқчи бўлган. Бир дона қоғоздан иборат бўлган пресс-релиздаги 37 қатордан иборат бўлган хабардаги 19 дан ортиқ имловий ва услубий, тиниш белгилари билан боғлиқ хатоларни тўғирлаб чиқар эканман, қоғоз юзи мисоли олмадек қизарди. Бу ҳам етмагандек, телефонимга келган “Эсемесмни 6кийўтган 4иройили qгузали” мазмундаги хабар янада ҳайратимни оширди. Тўғриси, жумаларнинг маъносига унчалик тушунмадим. Хабарни юборган кишига қўнғироқ қилиб, хабар мазмунини сўрасам, «Хабаримни ўқидингизми чиройлиларнинг гўзали» дейди. Мана сизга она тилимизга бўлган муносабат. Бу шунчаки, эътиборсизлик белгисими ёки саводсизлик. Назаримда ўз ишимизга масъулият билан ёндошим, она тилимизга эътиборлироқ бўлиб, ҳарфлари ва сўзларини ёзишга жиддийроқ аҳамият қаратсак, ёзганларимиздан ҳеч кимнинг кўнгли хира бўлмайди. Аксинча, маржон мисоли тизилиб турган маънодор сўзларимизни ўқиб завқланади.

Кейинги пайтларда аксарият ҳамюртларимиз, жоиз бўлса ёшларимиз ҳам ижтимоий тармоқларни кузатишга одатланишгани айни ҳақиқатдир. Тармоқни кузатсангиз, фойдаланувчилар ўзаро ёзишмаларда «ch», «oʼ» ёки «sh» ҳарфлари ўрнига «4», «6» ёки «w» каби белгилардан «унумли» фойдаланишга одатланиб қолишган. Тўғри ёзиш керак деган танбеҳга жавобан, телефонимдан шунақа босилиб кетди деган жавобни оламиз. Барака топгур ўша телефондаги ҳарфларни ўзингиз терасизку. Ҳарфларни тераётганда сўзнинг тўғрилигига эътибор билан аҳамият қаратсангиз хато қилмайсиз. Бечора ҳарфлар ҳам сизнинг қўл остингизда «мажруҳ», сўзлар «нимта» бўлиб қолмайди.

Халқимизда «Ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир» деган нақл борки, бу сўзга нисбатан ҳурмат-эътиборни ифодалайди. Шундай экан, ёзаётган сўзимизни, айтаётган гапимизни тўғри ифодалаш ҳар биримизнинг бурчимиз. Зеро, нотўғри ёзишмаларимизни кўриб, асоссиз сўзларимизни эшитиб, келажак авлод биздан «Ибрат» олмаслиги учун бугундан тўғри ёзиш ва гапиришни ўрганайлик.

Зеро, халқимизни ўзлигини англатиб турувчи она тилимизни бугундан қадрлашни, асрашни ўрганайлик. Она тилимизни қадрини қадрлашни, юксакларга кўтаришни фарзандларимиз биздан ўрганиб, ибрат олсин

Нигина Шоева

журналист.

 

Фойдали ҳаволалар