Шўрчи тумани ҳокимлиги расмий сайти

Қўли гулдир ўзбек аёлин...

Тонгни қуёш билан бирга қарши оладиган, аниқроғи, хали ер юзи ёришмай, қуёшга юмушларини бажариш асносида пешвоз чиқадиган қишлоқ аёлларининг меҳнатига тасанно.

Бувим раҳматли болалигимда "ер юзини очсанг, доим юзинг ёруғ бўлади", дердилар. Бугун қишлоқ аёллари барча юмушларда пешқадам. 

Юртимизнинг ҳар бурчагида, чекка қишлоқ ва овулларда ҳам рўзғор юмушлари, фарзанд тарбиясидан ортиб, жамият ҳаётида фаол иштирок этаётган, ўз бизнесини йўлга қўйиб, одамларни иш билан таъминлаётган кўплаб тадбиркор хотин-қизларни учратиш мумкин.

Ана шундай фаол ва ташаббускор аёллардан бири – туманимизнинг Оққўрғон маҳалласида яшовчи Санобар Сафарова.

Санобар Сафарова турли хил ширинликлар тайёрламоқда. Қўли гул ҳунарманд 3 нафар маҳалладошини бандлигини таъминлашга эришган.

Ўзбек аёллари тимсолида тикувчиларни, сартарошу дурадгорларни ҳаттоки темирчилик соҳасида ҳам фаолият юритаётган аёлларни кўришимиз мумкин. 

Ана шундай қўли гул аёлларимиздан бири Қизлархон Тошпўлатова туманимизнинг “Бўстон” маҳалласида яшайди. Болалигида қўғирчоқ тайёрлаган, игна ип ёрдамида либослар тиккан Қизлархон бугун темирлар ёрдамида турли хилдаги дарвоза ва бошқа буюмлар ясамоқда.

Туман ҳокимлигида ташкил этилган ўқув-семинарда иштирок этган Қизлархон Тошпўлатова фаолияти ҳақида сўзлаш билан бирга, ўзининг таклифларини ҳам билдирди. Хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарли қилиш, бандлигини таъминлаш, уларнинг жамиятимиз ҳаётидаги ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, тадбиркорлик соҳасидаги қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароитлар яратиш ҳақида сўз юритилди. Семинар давомида тадбиркорлик билан шуғулланаётган аёллар ўзларининг фикр мулоҳазаларини, таклифларини билдиришди. 

 

Нигина Шоева

журналист.

 

Фойдали ҳаволалар