Шўрчи тумани ҳокимлиги расмий сайти

Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким тамойили амалда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг фаолияти самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳақида

Ўтган йили қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституция мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида ўзига хос бурилиш даврини бошлаб берди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Дарҳақиқат янги давр ҳар биримиздан янгича фикрлашни, янгича тамойиллар асосида иш юртишни тақазо этаётгани ҳам бор гап. Шундай экан давлат ҳокимиятини халққа янада яқинлаштириш, халқ ҳокимиятчилиги асосларини кучайтириш масаласи “сув юзига қалқиб чиқди”, дейиш ҳам том маънодаги ҳақиқатдир. Шу маънода янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқ ҳокимлар ва маҳаллий Кенгашларнинг ваколатлари бир-биридан ажратилганлиги, аҳолининг жойлардаги долзарб муаммоларини ҳал этиш учун чинакам “халқ овози” бўлмиш маҳаллий Кенгашларга кенг ваколатлар берилганлиги, маҳаллий Кенгашларга ҳоким эмас, балки депутатлар орасидан сайланадиган раис бошчилик қилиши белгилаб қўйилганлиги айни муддао бўлди, дейиш мумкин.   

Жорий йил 2 февраль куни муҳтарам Президентимиз томонидан имзоланган “Маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг фаолияти самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-28-сонли Фармон – маҳаллий даражада давлат ҳокимиятини трансформация қилишга, том маънода халқчил тизимни жорий этишга қаратилган муҳим сиёсий ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.

Фармон билан Ўзбекистон маҳаллий бошқаруви тарихида биринчи марта - маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини янги модел – “Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким” тамойили асосида ислоҳ қилиниши белгилаб қўйилди.

Агар Фармон билан яқиндан танишадиган бўлсак, асосан бешта янгиликни кўришимиз мумкин:

Биринчиси,  кўпчилик аҳолининг ҳаёти, турмуш-тарзига таъсир қиладиган масалалар фақат Кенгаш қарори билан белгиланадиган бўлди. Яъни, таълим, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, шаҳарсозлик, транспорт ва инфратузилмани ривожлантиришга қаратилган 33 та ваколат Кенгашлар ихтиёрига ўтказилмоқда.

Мисол учун, энди тегишли ҳудудда давлат боғча ва мактабларини ташкил этиш бўйича қарор айнан  маҳаллий Кенгашлар томонидан қабул қилинади. Бунинг учун ҳудуддаги эҳтиёжни ҳар томонлама ўрганган ҳолда, қайси маҳаллада янги мактаб ёки боғча ташкил этиш керак, қайси бирини кенгайтириш, қайсисини тугатиш кераклигини аҳолининг ишончли вакиллари, яъни халқ депутатлари туман Кенгаши ҳал этади. Ёки янги боғлар ташкил этиш, автобус йўналишларини белгилаш, сув, канализация тўловлари миқдори Кенгаш ваколатига берилди.

Иккинчи янгилик: Фармонда маҳаллий Кенгаш зиммасига юкланиб келинган қатор ваколат ва функциялар тизимлаштирилди, мақбуллаштирилди, яъни қисқартирилди.

Хусусан, туман, шаҳар Кенгашлари сессияларида мазмунан яқин соҳаларда ўзаро такрорланувчи ҳисоботлар ҳам қўйиларди, мисол учун, ички ишлар бўлими бошлиғи, унинг соҳа бўйича ўринбосарлари, шунингдек маҳаллалардаги профилактика инспекторлари ҳам ҳисоботини эшитишимиз лозим эди, шу тариқа йилига 100 дан зиёд масалалар сессия кун тартибига қўйилар эди. Энди улар битта масала бўлиб кирадиган бўлди.

Учинчи муҳим масала: “Маҳаллий давлат ҳокимияти” деган тушунча энди иккига бўлинаяпти, яъни: маҳаллий ижроия ҳокимияти ва Кенгаш. Ҳозирги амалдаги қонунлар ва Кодексларда бу ҳолат назарда тутилмай, ижро масъуллари бўлинмаган, шунинг учун йил охиригача ўзгартириладиган 100 га яқин қонун, Кодекс ва қарорлар рўйхати тасдиқланлиги шу асосгап қаратилган. Шулар асосида Адлия вазирлиги ҳамда тегишли вазирликлар қонунни ўзгартириб, ижро ҳокимияти ва Кенгашнинг вазифаларини ажратиб беради.

Тўртинчиси, ҳокимият ва бошқа органларининг маҳаллий Кенгаш фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслиги кафолатлаб қўйилмоқда. 2030 йилгача маҳаллий давлат бошқарувини янада такомиллаштириш Концепцияси ишлаб чиқилиши ўзига хос муҳим ҳужжат бўлади.

Бешинчидан, Фармонда жорий йил охиригача халқ депутатлари  Кенгашларини алоҳида бино ва тегишли шарт-шароит билан таъминлаш, 2026 йилдан кейин туман ва шаҳар Кенгашларига шундай шарт-шароит яратиш қайд этилган.

Албатта мазкур Фармон ҳаёт билан ҳамнафас дунёга келди, десак ўринли бўлади. Шунинг учун ушбу ҳужжат билан яна бир бор яқиндан танишиб, унинг мағзини чуқур чақиб, ўз ваколатларимизни янада теран англашимиз зарур. Чунки, ўтган йили 11 сентябрда муҳтарам Президентимиз томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон-2030” стратегияси тўғрисида”ги қарорнинг 75-мақсадида  депутатларни “Халқнинг чинакам овозига айлантириш”  вазифаси қўйилган. Шундай экан, олдимизга қўйилаётган янги вазифаларни рўёбга чиқариш галдаги асосий вазифамиздир.

 

Ботир Ражабов

7-Катта совур сайлов округидан халқ депутатлари Шўрчи тумани Кенгаши депутати,

туман Кенгаши котибияти мудири

 

Фойдали ҳаволалар