Туманимизнинг “Бобур” маҳалласида яшовчи Холбой Қурбонов деҳқончилик ҳадисини олганлардан ҳисобланади. Бел билан сирлашиб, кетмон билан беллашиб тоорқасидан самарали фойдаланаётган деҳқон 2022 йилда 35 кг ошқовоқ етиштириб, кўпчилни ҳайрон қолдирганди. Энди эса табобатда инсон саломатлиги учун кони фойда ҳисобланган, илдизи, барги, пўстлоғи, гули, меваси ҳамда шираси ноёб хом ашё сифатида кенг қўлланиб келинаётган каврак ўсимлигини томорқасида етиштирмоқда.
Каврак одатда адирлар, тоғлар ва тоғолди ялангликларида ўсади. Эндиликда туманимизнинг миришкор деҳқонлари бир-биридан ўрнак олиб, ўз хонадонидаги томорқаларда ана шу ноёб доривор ўсимликни етиштиришга ихтисослашмоқда.
-Каврак етиштириш, ундан ҳосил йиғиб даромад олиш, бироз сабр, вақт талаб этаркан, - дейди биз билан суҳбатда Холбой Қурбонов. – Аслида томорқамизда бўш ер майдонини ўзи йўқ. Бир томондаги иссиқхонамизда лимон кўчатлари баравж ўсаётган бўлса, бир томонда узумларимиз хосилга кирган. Бир ёнда эса олма кўчатларимиз қийғос гуллаган. Изланган имкон топар деганларидек, олма кўчатларимиз қатор ораларига ўтган йилнинг феврал ойида 7 минг 400 дона каврак кўчатларини экдик. Дастлаб коврак уруғини томорқамга экиб, кўчатларини ҳам ўзим етиштирдим. Ҳозирда 2 сотих томорқамиздаги каврак кўчатларини, томорқамдан фойда оламан, меҳнат қиламан деган деҳқонлар қизиқиб олиб кетишмоқда. Айримларининг хонадонига бориб, ўзим экиб ҳам кўрсатаяпман. Гарчи каврак тоғолди ҳудудларда табиий равишда ўсса-да, унинг кўчатини томорқамга кўчириб ўтқазиб, яхшигина ҳосил олиб, рўзғорим учун мўл ва сифатли даромад олиш ниятидаман. Дастлабки ҳосилни 2025 йилда оламиз. Келгусида кенгроқ майдонларда, маҳалламиздаги бошқа томорқачи деҳқонлар билан биргаликда каврак парваришлашни кўзлаяпмиз.
Албатта, каврак тоғолди ҳудудларда табиий равишда ўсади. Холбой Қурбонов уни хонакилаштириб, ўзи етиштирган биогумус билан парваришлаётгани боис тез ривожланмоқда.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, дунё миқёсида фармацевтика корхоналарида ишлаб чиқарилаётган дори воситаларининг тахминан 50% доривор ўсимликлар каврак хомашёсидан тайёрланмоқда. Кўпчилик мамлакатларда, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасида ҳам фармацевтика саноатини жадаллик билан ривожланиши бундай корхоналарнинг доривор ўсимликлар хомашёсига бўлган талабни кескин ортишига сабаб бўлмоқда.
Бинобарин, Президентимизнинг 2018 йил 20 мартдаги “Республикада каврак плантацияларини ташкил этиш ва уларнинг хом ашёсини қайта ишлаш ҳажмларини кўпайтириш хамда экспорт қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.
Нигина Шоева
Журналист.