#Очиқ мулоқот
Бугунги очиқ мулоқотимиз иштирокчиси Шўрчи туман ФҲДЁ бўлими мудираси Камола Қулсоатова.
Очиқ мулоқотимиз давомида ФҲДЁ бўлими мудираси Камола Қулсоатова “Ислоҳотлар-амалда: ФҲДЁ соҳасидаги муҳим ўзгаришлар, амалга оширилаётган ишлар хусусида” сўз юритди.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2013 йил 31 декабрда 2547-сон билан рўйхатга олинган “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида иш юритиш тартиби тўғрисида”ги Йўриқнома ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 12 апрелдаги 171-сонли қарори билан тасдиқланган “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидалари” асосида ФҲДЁ органлари томонидан такрорий гувоҳномалар ва бошқа маълумотлар берилади. Фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувининг биринчи нусхаси сақланаётган ФҲДЁ органи томонидан манфаатдор шахсларнинг аризалари ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа органларнинг сўровларига асосан, қайд этилган далолатнома ёзувлари асосида такрорий гувоҳномалар берилади.
Алоҳида ҳолларда (далолатнома ёзувининг биринчи нусхаси йўқолганда, иккинчи нусха бўйича гувоҳнома олиш қулай бўлганда) ФҲДЁ архивлари томонидан далолатнома ёзувининг биринчи ва иккинчи нусхаларининг айнан бир хиллиги текширилгандан сўнг туғилганлик, никоҳ, ўлим ва никоҳдан ажралганлик ҳақида такрорий гувоҳномалар берилади.
-Такрорий гувоҳномалар олиш тартиби қандай?
- Такрорий гувоҳномалар бевосита ёки билвосита берилиши мумкин. Йўриқноманинг 167-бандига кўра туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувидан нусхалар ва такрорий гувоҳномалар бевосита фуқаронинг ўзига, вояга етмаган шахсларнинг қонуний вакилларига ёки нотариал тартибда тасдиқланган ишончнома орқали бошқа шахсларга уларнинг аризаси асосида берилиши белгиланган. Ишончнома асосида такрорий гувоҳномалар берилишида чет элда яшовчи фуқаро томонидан берилган ҳамда чет тилида тузилган ишончнома белгиланган тартибда легализация қилинган ёки апостиль қўйилган бўлиши лозим. Болаларга ва муомалага лаёқатсиз шахсларга такрорий гувоҳномалар уларнинг ота-оналари (фарзандликка олганлар), васийлари, ҳомийлари, болаларни ижтимоий ҳимоялаш муассасаси маъмуриятларининг аризалари бўйича берилади. Ота-онаси бўлмаган тақдирда, вояга етмаган шахсларга ёки паспорт олишмаган шахсларга туғилганлик ҳақидаги такрорий гувоҳномалар ушбу шахснинг фотосурати ёпиштирилган, яшаш жойидаги фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органи ёки
мазкур шахс таълим олаётган таълим муассасаси томонидан берилган маълумотнома асосида берилади
- Қайдай ҳолатларда такрорий гувоҳномалар берилмайди?
-Вафот этган шахсларга нисбатан туғилганлик ҳақида ва никоҳ тузилганлиги ҳақида далолатнома ёзувида никоҳдан ажралиш қайд этилганлик ҳақида белги бўлган ҳолларда такрорий гувоҳнома берилмайди. Бундай ҳолатларда заруриятга кўра тегишли кўчирма ёки маълумотнома берилади. Никоҳ қайд этилганлиги ҳақидаги такрорий гувоҳнома ёки далолатнома ёзувидан нусха никоҳланган шахсларнинг ўзларига уларнинг аризаси асосида берилади. Зарур ҳолларда, никоҳланган шахсларнинг ота-оналари ва фарзандларига уларнинг аризаси асосида никоҳ тузилганлиги қайд этилганлиги ҳақида маълумотнома берилади. Ўлим ҳақидаги такрорий гувоҳномалар ёки далолатнома ёзувидан нусха марҳумнинг яқин қариндошларига ва меросхўрларига уларнинг аризаси асосида берилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йилнинг 25 февралдаги 89-сон, қарорига кўра, Ўлимни қайд қилиш билан боғлиқ композит давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.
Мазкур регламентга кўра, тиббиёт муассасаси ходими – ўлим ҳолати тасдиқлангандан сўнг, вафот этган шахс ҳақидаги маълумотларни ФҲДЁ бўлимига автоматлаштирилган ахборот тизими орқали юборади.
Шу билан бирга, ФҲДЁ бўлими – ахборот тизими орқали автоматик равишда ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувини қайд этади ва маълумотни тиббиёт муассасаси ва Пенсия жамғармасига электрон шаклда юборади. Тиббиёт муассасаси ходими – QR-код тасвири туширилган ўлим ҳақидаги маълумотномани ариза берувчиларга дарҳол икки нусхада чоп этиб беради.
Очиқ мулоқот давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.