Шўрчи туманида қулупнай етиштириш бўйича бой тажриба тўпланган. Авваллари ҳудудда йилда бир марта, фақат баҳорда ҳосил олинган. Энди эса деҳқонлар қулупнайнинг янги навларини парваришлаб, қишда ҳам ҳосил олшмоқда.
Кушон маҳалласида яшовчи Рустам Рахимов томорқасининг 1,5 сотихига гидропоника усулида иссиқхона қилиб, қулупнай етиштирмоқда.
-Корея технологияси асосида қулупнай етиштириш сирларини ўрганниб, Гидропоника усулида қулупнай етиштиришни мақсад қилдим, -дейди Рустам Рахимов. - Бугунги кунда икки қаватда 2 минг туп қулупнай кўчатини парваришлаяпман. Гулга кирган қулупнайларимиз ҳосилга кирган. Кунда кунора бозорга чиқариб сотяпмиз.
- Иссиқхонада қулупнай етиштириш анча қулай экан, - дейди хонадон бекаси Иқлима Раҳимова. – Ташқарида ерда экилган қулупнайга ишлов бериш бир қатор қийинчиликларни туғдирарди. Намга тегиб туриши натижасида ҳосилнинг бир қисми чириб кетарди. Бундан ташқари, соғлигимизга ҳам зиён эди. Оёғимиздан зах ўтарди. Иссиқхонада эса бу муаммолар йўқ, қулупнай кўчатлари орасида бирорта бегона ўт ўсмайди.
Улар 3-4 сотих ерда етиштириладиган маҳсулотни 1,5 сотихлик иссиқхонада парваришламоқда.
- Иссиқхонанинг еридан ҳам унумли фойдаланишга ҳаракат қиляпмиз, - дейди кушонлик Бахтиёр Нормуродов. –Янги йил байрами олдидан бозорга чиқариб сотяпмиз.