Тарих, бугун ва келажакни ўзида мужассам этган “Уч авлод учрашуви” каби маънавий-маърифий тадбирлар эл-юртимиз ҳаётида гўзал анъанага айланди.
“Танҳо” тантаналар саройида уч авлод вакиллари иштирокидаги дийдорлашув тадбири ўтказилди. Ушбу тадбирга меҳнат фахрийлари, юрт равнақи, тинчлиги, ёш авлод таълим-тарбияси йўлида фидокорона меҳнат қилган кексалар, ўрта авлод вакиллари ҳамда ёшлар таклиф этилди.
-Ҳаётнинг пасту баланд йўлларини босиб ўтган нуронийларимиз, фахрий устозларимиз тажрибаси, пурмаъно ўгитлари ёшлар учун ибрат мактабидир, - дейди туман ҳокими Улуғбек Зокиров. -Туманимиздаги 53 та маҳалланинг ҳар бирида фарзандлари, набираю эваралари, қариндош уруғлари, қўни қўшнилари ардоғида, бахтли яшаётган 13 мингга яқин нуронийларимизнинг тажрибалари, ибратли ҳаёт йўллари ўсиб келаётган ёш авлодга ҳақиқий мактабдир. Айниқса, маҳаллаларда меҳнат қилаётган нуронийларимизнинг барча ишда фаол, бош қош бўлаётгани бизнида қувонтирмоқда. Доно халқимизда “Кенгашли тўй тарқамас” деган нақл бекорга айтилмаган. Оиласида, жамиятда алоҳида ўринга эга бўлган сиз нуроний, фахрийларимизни қанча эъзозласак, ҳаётдаги асосий мақсадига эришиш учун изланаётган ёшларимиз сизлардан маслаҳат олиб, тажрибангиздан сабоқ олса, албата, йўли ойдин бўлади.
Уч авлод вакилларига буюк саркарда ва жаҳонгирлар, аллома ва мутафаккирлар, ватанпарвар боболаримизнинг ҳаёти хусусида маълумот берилди. Ватанимизнинг шонли тарихи хусусида фикр алмашишди. Мулоқотларда ёши улуғ отахон ва онахонларимиз ёшлик давридаги қийинчиликлар, меҳнат палласидаги машаққатлар, ниҳоят нуронийлик пайтида кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиром ҳақида ўз фикрларини билдиришди. Юртимиздаги бугунги ислоҳотлар, ёшларга яратиб берилган шароитлар, кўп миллатли ватан – Ўзбекистоннинг равнақи йўлида бирлашиш масъулияти мулоқотларнинг асосий мавзуси бўлди.
Шунингдек, кекса авлод вакилларининг ҳаётий тажрибалари, улар эришган ютуқлар, қилган ишлар ҳақида ёшларга айтиб берилди. Туманда узоқ йиллар давомида юрт равнақи, ёш авлод таълим-тарбияси йўлида фидокорона меҳнат қилган кекса авлод вакиллари ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Зеро, кўзланган улкан марраларни кексаларимизнинг ўгитлари, ўрта авлод вакилларининг фидокорлиги, матонати ва албатта ёшларнинг шижоатисиз забт этиб бўлмаслиги бот-бот эътироф этилди.