Майин ёғаётган ёмғирга маҳлиё бўлиб яёв юришни маъқул кўрдим. Узоқроқдан олов учқуни бир ёниб бир ўчарди. Аввалига бироз чўчидим. Юрган сари олов бир ўчиб, бир ёнаётган манзилга яқинлашардим. Во ажабо! Олов учқуни билан ишлаётган аёлни кўриб, ҳайратимни яширолмадим. Аёлни танимасамда бир талай саволлар билан мурожаат қилдим.
...Сиз аёл киши бўла туриб, темир билан ишлаяпсизми? Бу иш оғирлик қилмайдими? Турмуш ўртоғингиз нима иш қилади? Темир, олов билан ишлаш қўрқинчлику, қўрмайсизми?!
Тахминан 40 ёшлар атрофида бўлган аёл мулойим жилмаяркан, қўлидаги темир ва мосламаларни ерга қўйдида, стол устидаги чойнакдан пиёлага чой қуйиб, менга юзланди.
-Келинг, қизиқаётган бўлсангиз бир пиёла чой устида суҳбатлашамиз. Темир билан ишлаш фаолиятим билан танишасиз, иш жараёнимни кузатасиз?!
Аёллинг таклифидан қувониб, столга ўтирган заҳотим, ён дафтарим ва ручкамни олиб ёзишга киришдим.
Шўрчи туманининг “Бўстон” маҳалласида яшовчи ҳамсуҳбатим Қизлархон Тошпўлатова темир маҳсулотидан битта дарвозани 5 кунда ясаб, ҳар бир буюртмачининг хонадонига ўрнатиб берар экан.
-Дастлаб, темир маҳсулотлари билан 30 ёшимда ишлаб бошлаганман, - дейди Қизлархон Тошпўлатова. – Олийгоҳда таҳсил олиш имкониятим бўлмаганлиги сабабли, шу ҳунарни танлаганман. Оилада 5 ўғилнинг орасида катта бўлганлигим сабабли, эркаклардек ишлашдан қўрқмайман. Акаларимдан темир билан ишлаб, дарвоза ясашни, темирларни пайвандлашни ўрганганман. Тўғри, темир билан олов заррачалари билан ишлаш осон эмас. Ўзига яраша қийинчилиги, масъулияти бор. Темирларни пайвандлаш жараёнида озгина эътиборсизлик ёки нотўғри ёндошувнинг натижасида шифохонага тушиб қолиш ҳеч гап эмас. Билсангиз агар иш жараёнида жиддий зарар кўрган, олти ойлаб даволанган вақтларим ҳам бўлган. Лекин, аниқ мақсадим бўлгани учун ҳаракатдан, изланишдан тўхтаганим йўқ. Авваллари 20 бош сигирни соғиб, сут ва сут маҳсулотларини тайёрлаб, бозорга олиб чиқардим. Кейинчалик, темир билан ишлашни, дарвоза ясашни маъқул кўрдим. Балки, даромади кўплиги учун шу ҳунарни танлагандирман. 2022 йилда фаолиятимни кенгайтириб, маҳалламиздаги ҳоким ёрдамчисининг тавсияси билан 33 миллион сўм кредит олиб, фаолиятимни кенгайтирдим. Турмуш ўртоғим билан биргаликда битта дарвозани 5 кунда ясаб, хонадонга ўрнатиб берамиз. Даромадимиз ҳам ёмон эмас, бир ойдаги соф даромадимиз 25 миллион сўмни ташкил қилади.
Оила бекаси, 4 фарзанднинг онаси Қизлархон Тошпўлатованинг моҳирлик билан темир билан ишлаш жараёнини кузатар эканман, фақатгина эркаклар шуғулланиши керак бўлган вазифаларни нозик хилқат вакиллари бўлган аёлларимиз ҳам масъулият билан бажариши мумкинлигига яна бир карра амин бўлдим. Балки, бу жараён гендир тенглик самарасидир.
-Берилган имтёзли кредитдан самарали фойдаланаётган маҳалладошимиз Қизлархон Тошпўлатова чиндан ҳам мақтаса арзигулик ҳунарманд, - дейди “Бўстон” маҳалласининг ҳоким ёрдамчиси Холмирза Хўжақулов. – Дастлаб, имтиёзли кредитни темир маҳсулотларини ясаш учун ишлатиши ҳақида гапирганда рости ишонмагандим. Кредитдан мақсадсиз фойдаланиб қолиши мумкин деган хаёл билан айтилган манзилга бордим. Бир уюм темирлар орасида ишлаётган Қ.Тошпўлатовани иш жараёни билан танишдим. У ясаган дарвозаларни, пайвандлаган темирларни кўриб, фаолиятини кенгайтириши, янги иш ўринларини яратиши учун кредит беришни маъқул кўрдим. Ҳозирда 4 нафар маҳалладошимизни бандлигини таъминлаган.
Албатта, инсон мақсади сари интилса, ҳаракатдан, изланишдан тўхтамаса қаҳрамонимиз Қизлархон Тошпўлатова сингари жамиятда ўз ўрнини топади. Жоиз бўлса, меҳнати орқали даромад олиб, рўзғорини ободлигига, ҳаётининг фаровонлигига эришади. Дарвоқе, гулчилик фаолиятига қизиқаётган Қизлархон Тошпўлатова яқинда туман марказидан гулчиликка ихтисослашган корхона фаолиятини йўлга қўйишни мақсад қилган. Мен эса ушбу манзилга яна қайтишни кўнглимга тугиб, ҳунарманд билан хайрлашдим.
Нигина Шоева
Журналист.