Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Қонунига асосан:
Ҳуқуқларни эътироф этишнинг асосий шартлари сифатида қуйидагилар белгиланди:
1) ер участкаси бошқа шахсга ажратилмаганлиги ёки аукционга чиқарилмаганлиги;
2) ер участкасидан фойдаланишда низо мавжуд эмаслиги;
3) ер ва мол-мулк солиғи бўйича қарздорлик мавжуд эмаслиги;
4) муҳофаза зонасида, суғориладиган ерда жойлашмаганлиги;
5) бош режа талабларига зид эмаслиги (мавжуд бўлса)
6) ҳар бир категорияга хос бошқа шартлар
Фуқароларнинг ҳеч бир давлат органига мурожаат қилиш талаб қилинмайди.
Барчасини давлат органлари фуқаролар учун ўзлари қуйидаги босқичларда амалга оширилади.
Ишлар қандай ташкил этилади?
Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларини ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларни босқичма-босқич хатловдан ўтказиш ҳар йилги режа-жадвал асосида амалга оширилади. Режа-жадвал Кадастр агентлиги томонидан тасдиқланади ва жамоатчиликка эълон қилинади.
Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларининг қарори билан режа-жадвалга асосан ваколатли ташкилотларнинг ҳудудий бўлинмалари вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар ташкил этилади.
Маълумотларни ва ҳужжатларни автоматлаштирилган ахборот тизимига киритишнинг биринчи босқичида ер участкасининг, бинонинг ва иншоотнинг электрон йиғмажилди яратилади.
Иккинчи босқичда маъсул ташкилотлар икки ой муддатда:
- юборилган электрон йиғмажилдни кўриб чиқишади;
- ахборот дастурига тегишли ҳужжат ва маълумотларни киритишади.
Электрон йиғмажилд маълумотлари тегишли фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари биноларининг эълонлар учун бурчакларида, Кадастр агентлигининг расмий веб-сайтида ҳамда бошқа ахборот манбаларида жамоатчиликка эълон қилинади.
Электрон йиғмажилд кўриб чиқиш учун Адлия вазирлигининг ҳудудий бошқармасига юборилади.
Ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш Қорақалпоғистон Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан мақсадга мувофиқ деб топилган тақдирда, Кадастр агентлиги томонидан тегишли шахсларнинг телефон рақамига бир марталик тўловни 20 иш куни ичида тўлаш тўғрисидаги хабарнома автоматик равишда юборилади.
Тўлов амалга оширилгандан сўнг электрон йиғмажилд, маълумотлар ва ҳужжатлар ижобий хулосалар билан бирга Жўқорғи Кенгес, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига навбатдаги сессияда (мажлисда) кўриб чиқиш учун автоматлаштирилган ахборот тизими орқали автоматик равишда юборилади.
Бекзод Мустафақулов
Сурхондарё вилоят адлия бошқармаси Нодавлат нотижорат ташкилотлари шўбаси бош маслаҳатчиси