Йилдан йилга сув танқислиги кузатилаётган бир вақтда деҳқон ва фермерларимиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан белгиланган ҳосилни етиштиришлари учун илғор технологияларни қўллаш зарурати юзага келмоқда. Шу тариқа мавжуд сув манбаларидан тажамкорлик билан фойдаланиш бугунги куннинг энг долзарб масаласига айланмоқда.
Туманимизнинг “Далварзин” ҳудудида фаолият юритаётган Жўрабек Муродов раҳбарлик қилаётган "Жўрамурод Хотамтой" фермер хўжалиги дала майдонининг 26 гектарини ёмғирлатиб суғориш учун суғориш технологияси ўрнатилиши натижасида мўл ва сифатли ҳосил олиш мақсад қилинган.
-Ёмғирлатиб суғориш технологиясида суғориш ишлари тўлиқ автомат тарзда амалга оширилиб, суғориш меъёрини камайтириш ёки кўпайтириш орқали тупроқнинг намиқиш чуқурлигини эҳтиёжга қараб ўзгартириш мумкин, -дейди Ж.Муродов. -Бунда сув дала бўйлаб бир текис тақсимланади. Ёмғирлатиб суғорилганда далада микроиқлим яратилиб, экиннинг жадал ўсиб-ривожланишига қулай шароит яратилади. Бундан ташқари, минерал ўғитлар ва бошқа кимёвий воситаларни сувга қўшиб бериш ҳам мумкин. Далада суғориш эгатлари ва ўқариқлар олишга зарурат туғилмайди. Қишлоқ хўжалик экинларидан мўл ва сифатли ҳосил етиштирилиб, ердан фойдаланиш самарадорлиги ортади.
Ҳозирги кунда ёмғирлатиб суғориш технологияси туманимиздаги бошқа фермер хўжаликларида ҳам кенг жорий қилиш ишлари жадал давом этмоқда.