Шўрчи тумани ҳокимлиги расмий сайти

Деновда Сурхон таомлари сайли ўтказилади

Сурхондарё вилояти Денов туманида жорий йилнинг 10 март куни миллий таомлар сайли бўлиб ўтади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 16 декабрдаги тегишли чора-тадбирлар режасида вилоятда миллий қадриятлар кенг тараннум этиладиган “Этник сайиллар” ни ўтказиш белгиланган. Шунга мувофиқ ташкил этилаётган тадбирда Денов, Сариосиё, Узун, Олтинсой ва Шўрчи туманлари миллий услубда безатилган павильонларни барпо этади. Ҳудудларга хос тансиқ таомлар кўргазмаси, таомларни тайёрлаш билан боғлиқ удум, анъана ва услубларни кенг намойиш қилади.  

– Кўклам ниш ура бошлаган тоғлар қўйнидаги хушманзара қишлоқда илк марта миллий қадриятларимиз тараннум этиладиган қизиқарли сайл воҳага хорижлик ва маҳаллий сайёҳларни кенг жалб этиш, миллий таомларимизни тарғиб қилиш ва тансиқ таом тайёрлайдиган моҳир ошпазларимизни муносиб рағбатлантиришга йўналтирилгани билан ҳам аҳамиятлидир, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари Жўрабек Тўраев. –Шунингдек, мафтункор баҳор шодиёнасига айланадиган сайилда фольклор этнографик жамоалар, миллий чолғу гуруҳлари ва ёш санъаткорларнинг чиқишлари, анъанавий халқ ўйинлари бўйича турли мусобақалар ҳам ўтказилади.  

Айни пайтда мазкур тадбирни юксак савияда ташкил этиш юзасидан дастлабки тайёргарлик ишлари бошланди. Сайил якунида “Энг яхши таом” ва “Энг яхши ошпаз” номинациялари бўйича ғолиблар аниқланиб, махсус диплом, статуэтка ва эсдалик совғалари билан мукофотланади.  

Фойдали ҳаволалар