Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 октябрдаги “Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 595-сон қарори қабул қилинди. Мазкур қарор давлат хизматида юксак касбий маданиятни шакллантириш, жамоатчилик онгида давлат хизматига бўлган ҳурмат ва ишончни ошириш ҳамда давлат хизматчиларининг ахлоқ қоидаларига зид бўлган хатти-ҳаракатларининг олдини олишга қаратилганлиги билан муҳим аҳамиятга эга.
Мазкур қарорга асосан Давлат хизматчилари ишдан ташқари вақтда қуйидагиларга мажбурдир:
- миллий урф-одат, қадрият ва анъаналарга ҳурмат билан муносабатда бўлиш.
- дабдабабозлик, шуҳратпарастлик, гуруҳбозлик, маишатбозлик, ичкиликбозлик ва бошқа салбий иллатларга йўл қўймаслик.
- расмий эълон қилинган маълумотлардан ташқари давлат хизмати фаолиятига оид масалаларни муҳокама қилмаслик.
- жамоат жойларида (кафе, ресторан ва бошқа кўнгилочар масканларда) ўзини тутиш қоидаларига риоя этиш, атрофдагиларнинг эътиборини тортувчи ортиқча ва салбий ҳаракатларга йўл қўймаслик.
- жамоат тартиби ва хавфсизлигига қарши қаратилган хатти-ҳаракатларни содир этмаслик, мазкур ноқонуний ҳаракатларга бошқаларни жалб этмаслик ёки даъват қилмаслик.
- хизмат мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ бўлган идора ва ташкилотлар раҳбар ва ходимларидан бошқа мансабдор шахсларидан қимматбаҳо совға олмаслик.
- хизмат гувоҳномаларини сақлаш ва фойдаланиш тартибига қатъий риоя этиш, улардан хизматга алоқадор бўлмаган ҳолатларда фойдаланмаслик, шу жумладан, ваколатли шахсларга хизмат гувоҳномасини кўрсатиб, мавқеини суиистеъмол қилмаслик.
- хизмат автотранспорт воситаларидан хизмат фаолиятидан ташқари ҳолатларда шахсий ва бошқа мақсадларда фойдаланмаслик.
- иш фаолияти билан боғлиқ маълумотларни ишга алоқадор бўлмаган бошқа шахслар иштирокида муҳокама қилмаслик.
- шахсий транспорт воситаларидан фойдаланишда белгиланган тартибга амал қилиш, йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя этиш.
- тадбиркорлик ёки ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан (педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари) шуғулланмаслик, Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
- ўзи фаолият юритган давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда давлат хизматига доғ туширувчи хатти-ҳаракатлардан тийилиш.
- ташқи кўринишини белгиланган меъёрлар доирасида сақлаш, камтарона кийиниш, атрофдагиларнинг эътиборини ўзига ортиқча жалб қиладиган тарзда кийинмаслик.
Агентликнинг Сурхондарё вилояти филиали томонидан жойларда давлат хизматчилари ўртасида қонун ва қарор мазмун-моҳиятини тушунтириш юзасидан ўқув семинарлари ўтказиб келинмоқда.
Асосий мақсадимиз давлат хизматида юксак касбий маданиятни шакллантириш, жамоатчилик онгида давлат хизматига бўлган ҳурмат ва ишончни ошириш ҳамда давлат хизматчиларининг ахлоқ қоидаларига зид бўлган хатти-ҳаракатларининг олдини олишдир.
Шерзод Хидиров
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги бош инспектори