Шўрчи тумани ҳокимлиги расмий сайти

Бу ҳам бир мулоҳазада

...Куз фаслининг тўртинчи куни. Орзиқиб кутилган биринчи қўнғироқ садолари янгради. Йўқори синф ўқувчилари, айниқса, мактаб остонасига илк бор қадам қўйиб, зарур ўқув қуроллари билан бойитилган сумкани елкасига осган жажжи болажонларнинг қувончи, ҳаяжони чекиз. Олийгоҳни тамомлаб, илк бор устоз мақомига эга бўлган ўқитувчиларнингда қалбидаги ҳаяжон кўз қарашида намоён бўлмоқда.  Уч ойлик меҳнат таътилидан қайтган устозларнингда кўзида қувонч.

Ҳувуллаб турган мактаб бинолари, ҳовлиси, ўзгача дид билан безатилган синфхоналар ўқувчиларнинг шодон кулгуси, устозларнинг меҳр тўла нигоҳи билан янада гўзалликка бурканди. Кимдир устозини излаган, яна биров дугонаси билан сўрашган, мактаб остонасига илк бор қадам қўйган қизалоқ онаси билан устози томон интилган. Хуллас ҳамма ўзи билан ўзи овора.

Хизмат туфайли тадбир бошланишидан бироз вақтлироқ борганим сабабли, атрофга зимдан разм соламан. Ўқувчиларнинг у ёқдан бу ёққа юриши, 1-синф болажонларининг югуришини томоша қилиш кишига завқ бағишлайди.  Айниқса, мактабнинг безатилгани, синфхонадаги безакларнинг хона деразасиданда чиройли кўриниши, беихтиёр болаликка қайтиш иштиёқини уйғотади.

"...Менга қара, нега мактаб формасида келмадик. Бу нима юриш", - тахминан 2-3 синф ўқувчисини елкасидан ушлаганча, силтаётган устознинг хатти-ҳаракати диққатимни тортди. Қорачадан келган қизчанинг ерга қараб, тургани, устознинг мағрурона қараши, “Формасиз мактабга келиш мумкин эмаслигини билмайсанми?” дея унга баландроқ гапирганини эшитиб, тўғриси бўғзимга нимадир тиқилгандай, оғир ютиндим. Эгнига оддийгина кўйлак кийган қизалоқ, оёғидаги оқ туфлисини боғичи ечилгани сабабли, уни тўғирлай-тўғирлай, дугоналари томон юрди. 

Эҳ, устоз, узстоз. Ўқувчининг елкасидан тутиб, силташдан аввал унинг оиласи, ота-онаси билан гаплашдингизми? Балки ота-онаси мактаб формаси учун маблағ тополмагандир. Кўп фарзандли оила бўлгани учун рўзғоридан орттириб, мактаб формасини олишга иложи етмагандир. Шу қизча, мураккаб ҳаётнинг зарбаларига учраб, бувисини, ёки амма-холасини қўлида қолиб кетгандир. Ота-онаси топган маблағини рўзғордан ортириб, бугун форма олиб беришни ният қилгандир. Синфдошларини, устозларни, мактаб доскасини соғиниб, ўзгача қувонч билан келган ўқувчи сизнинг бу муносабатингиз, ўқув йилининг илк кунида кутиб олиш жараёнингиз унинг кўз ёшига, ғам андуҳига сабаб бўлишини наҳотки ўйламадингиз.... Балки...

“Менга қара, нега бунча молга ўхшаб югурасанлар, эшакмисан сенлар...” э воҳҳҳҳ. Ўқув йилининг биринчи кунидан ўқувчилар наҳотки, шундай муносабатга муносиб бўлса. Мактаб формаси ҳақида гапирилган гапдан кўра, навбатдаги устознинг бу сўзлари қалбимни оғритди. Кўзим ёшланди. Қандай қилиб, юришдан кўра, югуришни маъқул кўрган болаларни молга, эшакка ўхшатиш мумкин. Қолаверса, устозлар, биз хавас қилган, ўқитувчилар шундай ўхшатиш қилса. Рости, қулоққа хунук эшитиларкан.

Ўқув йилининг биринчи кунида болалар югуради, ҳаяжонланиб йиғлайди ёки кулади. Ахир уч ойлик таътилдан кейин қадрдон масканига келган болалар қувончини намоён этиши керакку. Айниқса, илк бор мактабга келган болалар ўзини тутишни, фикрлашни, атрофдагиларга қандай муносабатда бўлиш кераклигини Сиз азиз устозлардан, мураббийлардан ўрганади. Шундай экан, сизга, сизнинг юриш-туришингиз, хатти-ҳаракатингизга тақлид қилиб, ўхшашга интилиб улғаядиган болажонларнинг қалбини оғритманг. Уларга хатти-ҳаракатингиз билан намуна, сўзингиз билан ибрат бўлинг!   

Фойдали ҳаволалар