Шўрчи туманининг Наврўз маҳалласида яшовчи Ўктам Қулназаров томорқасида ташкил қилинган иссиқхонада қулупнай етиштирмоқда. Илк маротаба қулупнай етиштираётган бўлсада, суяги меҳнатдан қотган қаҳрамонимиз томорқачиликнинг баланд пастини ўзлаштирган миришкорлар билан маслаҳатлашиб, қулупнай парвариш қилишни ўрганди.
-Йилнинг тўрт фасли ўз вақтида келадиган, қуёш нурларини аямай таратадиган, она ер тотли неъматлари билан беминнат сийлайдиган жаннатмонанд юртда яшаймиз, - дейди Ўктам Қулназаров. – Ишлайман, томорқамдан самарали фойдаланам деганга ҳеч нарса муаммо бўлмайди. Томорқамиздаги 5 сотих ер майдонида ташкил этилган иссиқхонадаги қулупнайдан яхшигина даромад оламиз.
Ўктам Қулназаров беш сотих иссиқхонадан йилига 75 миллион сўмгача даромад олишни кўзлаяпти. Шу мақсад асосида астойдил меҳнат қилмоқда.