Шўрчи тумани ҳокимлиги расмий сайти

Бир мавсумда 75 миллион даромад

Инсон ўз уйида меҳнат қилиши, даромад топиши, рўзғорига барака олиб кириши аслида бахт. Чунки яшиллик билан ҳамоҳанг яратиб, етиштириб, харидорга етказиб бериб, фойда олиш ўзгача ҳузур.

Туманимизда томорқадан салмоқли фойдаланаётган, деҳқончилик билан шуғулланаётганлар, рўзғорига фойда келтираётганлар кундан кунга ортиб бормоқда.  

-Йилнинг тўрт фасли ўз вақтида келадиган, қуёш нурларини аямай таратадиган, она ер тотли неъматлари билан беминнат сийлайдиган жаннатмонанд юртда яшаймиз, - дейди Қосим Нуралиев. – Томорқамизда ташкил этилган иссиқхонадаги қулупнайдан яхшигина даромад оляпмиз. Ишлайман, томорқамдан самарали фойдаланам деганга ҳеч нарса муаммо бўлмайди. Тўғрисини айтсам, декабр ойидан шу кунгача ҳаражатдан ташқари соф фойдамиз 75 миллион сўм бўлди.

Туманимизнинг “Бобур” маҳалласида яшовчи Қосим Нуралиев томорқасининг 20 сотихига замонавий исиқхона ташкил қилиб, қулупнай кўчатларини экканига унча кўп бўлгани йўқ. Гарчи илк маротаба қулупнай етиштираётган бўлсада, Қ.Нуралиев суяги меҳнатдан қотган, томорқачиликнинг баланд пастини ўзлаштирган бободеҳқонлар билан маслаҳатлашиб, қулупнай парвариш қилишнида ўрганди, дастлабки, ҳисоб-китоб шаклини даромад ва соф фойданинг даражасинида тушунди.

-Интилган, меҳнат қиламан деган мақсаддаги инсон барча юмушларни уддасидан чиқади, - дейди Қ.Нуралиев. – Фақат кишидан ташаббускорлик, меҳнатсеварлик талаб этилади. Аниқроғи, бирозгина халоватдан, уйқудан кечиб, ўз вақтида ишланса, изланса бўлди. Қулупнай етиштириш, ундан самарали ҳосил олиш жиҳатларини ўзлаштириб, тажрибам ошди. Келгусида 3 гектар ер майдони (очиқ дала) га қулупнай экишни режалаштирганман. Бу борада амалий ишларни бошлаб юборганмиз.

Албатта, унумдор тупроқларимизда пишиб етилган мева-сабзавотлар қишин-ёзин дастурхонларимизни тўлдириб, деҳқонларимиз хирмонига барака беради. Зеро, томорқа ризқ-рўз, қўшимча даромад манбаи, бандликни, арзончиликни таъминлашнинг самарали йўлидир. Унинг дастурхонимиз файзу баракаси, аҳоли турмуш фаровонлиги, юрт ободлигини таъминлашдаги ўрни беқиёс. 

 

Нигина Шоева

Журналист.

 

Фойдали ҳаволалар